Жамият, Самарқанд - 10:52 · 21.06.2022

Самарқандда МЧЖ раҳбари аҳолига ажратилган унни сотиб юборгани аниқланди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида МЧЖ раҳбари аҳолига ажратилган 84,5 тонна унни сотиб юборгани аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Иштихон туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. «Б.» МЧЖ раҳбари Ў.Х. «Оқтошдон» АЖдан тўғридан-тўғри тузилган шартномаларга асосан давлат ресурслари ҳисобидан ажратилган унни сотиб юборгани аниқланган.

Қайд этилишича, мумий баҳоси 209,8 миллион сўмли 84,5 тонна ун маҳсулотини дислокацияда белгиланган маҳаллаларга арзонлаштирилган нархларда етказиб бермасдан, савдо нуқталари орқали қиммат нархларда сотиб юборилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Наманган ва Фарғонада тадбиркорлар аҳолига ажратилган 65 тонна 1-навли унни қиммат нархда сотиб юборгани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE