Жамият - 12:02 · 21.06.2022

Самарқандда наркосавдо билан шуғулланган эркак 13 йилга қамалди — видео

Самарқандда наркосавдо билан шуғулланган эркак 13 йилга қамалди. ДХХ уни Тожкистондан юборилган 9,7 кг опийни олган пайтида ушлаганди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, 1984 йил Самарқанд шаҳрида туғилган фуқаро М.Б. муқаддам наркотик моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланиб, маълум бир муддат озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаган. Шундан кейин ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган вақтида яна наркосавдо билан шуғулланган.

У 2021 йилнинг сентябрь ойида Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент шаҳрида яшовчи шахс томонидан Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани ҳудудига ўтказилиб, яшириб кетилган 9 кг. 751. гр. «опий» гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.

Аниқланишича, тожикистонлик наркосавдогар моддани кейинроқ керакли манзилга етказиб бериши учун самарқандлик наркокуръерга 10 минг АҚШ доллари бериши лозим бўлган. Суд ҳукмига кўра қонунбузарга нисбатан 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Bugun — LIVE