Жамият, Иқтисод, Сиёсат - 18:11 · 21.06.2022

Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев тор доирада учрашув ўтказди

Кўксарой қароргоҳида 21 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев тор доирада учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.

Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани қайд этилди. Кейинги йилларда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бораётгани, қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайгани қайд этилди.

2021 йил сентябрь ойида Озарбайжонда Ўзбекистон автомобилларини йиғиш корхонасининг ишга туширилгани муваффақиятли қўшма лойиҳалардан бири бўлгани айтилди. Ташриф арафасида ўтказилган бизнес форумида умумий қиймати ярим миллиард долларлик янги инвестиция ва савдо келишувлари имзоланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари учрашув чоғида икки мамлакат ҳудудида нефть-газ, газ-кимё, тўқимачилик, фармацевтика, виночилик ва озиқ-овқат тармоқларида саноат кооперацияси истиқболларини муҳокама қилди.

Транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Транспорт йўлакларини ривожлантириш, юк ташиш тарифларини мақбуллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, биргаликдаги ишбилармонлик ва маданий тадбирларни ўтказиш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш муҳим эканини қайд этди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий вазият юзасидан ҳам фикр алмашиб, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилди.

Аввалроқ Озарбайжон президенти Ўзбекистонга етиб келгани, шунингдек, Кўксаройда Илҳом Алиевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.

Bugun — LIVE