Сиёсат - 18:55 · 22.06.2022

Азиз Абдуҳакимов «Европа тараққиёти кунлари» форуми очилишида иштирок этди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация 21 июн куни Брюсселда «Европа тараққиёти кунлари» форумининг очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: «Дунё»

Қайд этилишича, ушбу форумда Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель, Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен, Белгия қироличаси Матилда, Лесото қироли Лесли III, Гана, Кабо-Верде ва Мавритания президентлари, Намибия бош вазирлари ва Марокаш, шунингдек, Марказий Осиё вазирлари иштирок этди.

Тадбир давомида делегатлар ривожланишнинг долзарб масалалари, жумладан, яшил иқтисодиёт, рақамлаштириш, энергетика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, транспорт коммуникациялари, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа истиқболли йўналишлар юзасидан фикр алмашди.

Европа томони иштирокчиларни ўзининг Global Gateway ташаббуси тўғрисида маълумот берди, унда Европа Иттифоқи ҳамкорларини минтақавий интеграция жараёнларига жалб этишга ҳам катта эътибор қаратилган. Томонлар мазкур ташаббус доирасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш зарурлигини қўллаб-қувватлади.

Шундан сўнг Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги Global Gateway ташаббусининг алоҳида сессиясида иштирок этди. Тадбирда ЙИ томонидан халқаро ҳамкорлик бўйича Европа комиссари Жутта Урпилайнен ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-президенти Марк Боуман қатнашди.

Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан Тожикистон бош вазири ўринбосари Усмонали Усмонзода, Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири Эркинбек Осоев ва Қозоғистон Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги раиси Асет Иргалиев иштирок этди.

Европа томони иштирокчиларни Марказий Осиёни минтақавий интеграция жараёнларига жалб этишга катта эътибор қаратаётган Global Gateway ташаббуси ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон томони республиканинг Европа Иттифоқи билан икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича қарашлари бўйича кенгайтирилган тақдимот қилди.

Европа томони савдо-иқтисодий, сармоявий ва инновацион соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган янги транспорт йўналишларини ривожлантириш, туризм соҳасини фаоллаштириш бўйича таклифларга ижобий баҳо берди.

Афғонистон иқтисодиётини тиклаш бўйича қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу мамлакатда гуманитар инқирозни бартараф этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, жумладан, Термиздаги халқаро транспорт-логистика хаби имкониятларидан фойдаланиш муҳимлигига йиғилганлар алоҳида эътибор қаратилди.

Сингапурд 31 май–2 июнь кунлари мусулмон дунёси туризм бозорини тиклаш ва ривожлантиришга бағишланган «Halal in Travel — Global Summit 2022» саммити бўлиб ўтганди. Унда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов онлайн форматда иштирок этиб, сўзга чиққан.

Bugun — LIVE