Жаҳон - 23:57 · 22.06.2022

Бошига ўқ узилган ҳолда топилган Путин қўриқчиси, Россия қўшинининг учта янги мақсади ва «олтин вагони» ҳибсга олинган олигарх

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 22 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «CNBC»

Медведчукнинг ҳибсга олиш муддати 9 августга қадар узайтирилиб, «олтин вагони» ҳибсга олинди.

Укрананинг Львов вилояти Личаковский туман суди материаллардан келиб чиққан ҳолда украиналик мухолифатчи сиёсатчи ва олигарх Виктор Медведчукни ҳибсга олиш муддатини 9 августга қадар узайтирди.

Маълум қилинишича, 17 июнь куни Личаков суди Украина ҳукумати томонидан давлатга хиёнат ва уруш қонунларини бузганликда гумон қилинган сиёсатчининг барча мол-мулкини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Суд, шунингдек, мухолифатчига тегишли темир йўл ресторан-вагонининг ҳибсга олингани ҳақида ҳам хабар берган. Украинада «олтин» лақабини олган бундай вагоннинг тахминий нархи 2,5 миллион долларни ташкил этади, у сиёсатчининг Дальняя номли шахсий темир йўл станциясида турган. Шунингдек, суд томонидан 279 та расм, 4 та ҳайкалча, 10 дона соат, 5 дона финжон, 1 дона стакан, 1 дона патнис, 2 дона ваза, 1 дона графин, 2 дона чойнак, 2 дона кумуш таёқ, 1 дона чойнак ва 31 дона идиш-товоқ буюмлари солинган қути олиб қўйилган.

Путиннинг «ядро жомадони»ни олиб юрган қўриқчиси бошидан ўқ узилган ҳолда топилди — Миррор

Россияда Владимир Путиннинг қўриқчиси бўлган ва ўзи билан «ядро жомадон» деб аталган буюмни олиб юрган Федерал хавфсизлик хизмати полковниги Вадим Зимин бошидан ўқ жароҳати билан касалхонага ётқизилди.Бу ҳақда «Mirror» нашри хабар берди.

Ҳозирда унинг аҳволи оғир бўлиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган. Хабар қилинишича, Зимин 20 июнь Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги квартирасида ёнида травматик тўппонча ётган ҳолда топилган. У Кремлда нафақат Путин, балки Борис Ельцин даврида ҳам ишлаган.

Россия матбуоти маълумотларига кўра, Зимин божхона хизматида иш бошлаганидан сўнг пора олиш айби билан қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида уй қамоғида бўлган. Уни қамоқ жазоси кутмоқда.

Россия қўшинининг Донбассдаги учта янги мақсади маълум қилинди

Россия қўшинининг Донбассдаги ҳаракатлари ҳозирда уларнинг олдида учта мақсад борлигидан далолат бермоқда. Бу ҳақда Ҳарбий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази раҳбари Александр Мусиенко айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, мақсад қуйидагилардан иборат:

  • Северодонецкни тўлиқ босиб олиш;
  • Лисичанскга яқинлашиш, эҳтимол жанубдан;
  • Попаснойдан ҳаракатланиш ва Лисичанск–Бахмут автомагистрали устидан назорат ўрнатишга уриниш.
  • Душман, шунингдек, шарқдаги бошқа бир гуруҳ аскарлари билан боғланиш ниятида.

Финляндия Россияга ҳужум қилинса, жанг қилишга тайёр — Мудофаа вазири

Финляндия ўнлаб йиллар давомида Россия ҳужумига тайёргарлик кўрди ва агар у бостириб кирса, қаттиқ қаршилик кўрсатади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги раҳбари Тимо Кивинен маълум қилди.

«Финляндия сезиларли даражада ҳарбий техника арсеналига эга ва унинг аҳолиси жанг қилишга тайёрланган», — дейди у.

Маълумот ўрнида, ўтган асрда Финляндия Россияга қарши икки марта жанг қилган. Бир пайтлар NATO’га қўшилмаган давлат, 24 февралда Украина билан бўлгани каби, Россия бу мамлакатга ҳам бостириб кириши мумкинлигидан қўрқиб, ҳарбий иттифоққа қўшилиш учун ариза топширмоқда.

Иккинчи жаҳон урушидан бери Хельсинки юқори даражадаги ҳарбий тайёргарликни сақлаб келмоқда.

Bugun — LIVE