Жамият, Жаҳон - 21:00 · 22.06.2022

Бугун оқшоми. «Тўпаланг»даги тўполон, Афғонистондаги даҳшатли зилзила, ногиронларнинг қоплаб бериладиган репетитор харажатлари

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

«Илоҳий сигнал кутиб юрганлар учун»: Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида гало ҳодисаси кузатилди.

«Ўзгидромет» мутахассисининг изоҳига кўра, бу оптик, умуман хавфсиз табиат ҳодисаси ҳисобланади. Бунда қуёш ва ой атрофида, баъзан эса кўча чироқлари каби бошқа кучли ёруғлик манбалари атрофида кўринади.

Гало ҳодисаси юқори тропосферада 5–10 километр баландликда асосан, патсимон булутлардаги муз кристал зарралари билан боғлиқ бўлади. Гало турлари патсимон булутлари кристалларининг шакли ва жойлашганига боғлиқ. Кристал муз заррачалар кучли ёруғлик таъсирида ёрқин ёй шаклидаги камалакранг ҳодисани вужудга келтиради.

Сарлавҳадаги «илоҳий сигнал» ҳеч қандай маъно ва асосга эга эмас. Шунчаки бундай табиий ҳодисаларни «илоҳий» деб қабул қиладиганларга сарказм. Сиз ундай бўлманг.

Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахсларнинг репетитор харажатлари қоплаб берилади. Ҳукумат қарори билан ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш, яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун субсидия ажратишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди, дея хабар бермоқда бизга шерик «Kommers.uz» нашри.

Фото: «Bugun.uz»

Регламентга кўра, ногирон ёшларга нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунар, дастурлаш, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 50 бараваригача (15 миллион сўмгача) субсидия ажратилади.

Ўқиш ҳаражатлари учун субсидия олишда қуйидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:

  • ариза боланинг қонуний вакили томонидан берилса, унинг шахсий идентификация рақами ва боланинг қонуний вакили эканини тасдиқловчи ҳужжат;
  • нодавлат таълим ташкилоти томонидан ариза берувчини ўқитиш тўғрисида шартноманинг электрон нусхаси.

Илҳом Алиев Ўзбекистонда. Иккинчи кун.

Давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 22 июнь куни Хоразм вилоятига борди. Уни Хоразм вилоятида Шавкат Мирзиёев кутиб олган. Икки давлат байроқлари, гуллар билан безатилган Урганч халқаро аэропортида миллий қўшиқ ва рақслар ижро этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарлари Ичан қалъа Ота дарвозадан кириб, Кўк минора, Кўҳна арк саройи, Шерғозихон мадрасаси, Жума масжиди, Тош ҳовлини томоша қилди, Алломалар музейи билан танишди. Президентлар Ичан қалъа яқинидаги Нуриллабой саройини ҳам бориб кўрган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу билан Озарбайжон президентининг ташрифи якунланди. Шавкат Мирзиёев Мирзиёев Алиевни аэропортда кузатиб қўйиб, Тошкентга қайтиб келди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Хивага ташриф давомида тасвирга туширилган қизиқ видеони эълон қилди. Унда Озарбайжон Президентининг матбуот котиби Азер Гасимов ва хоразмлик Улуғбек Матниёзов учрашганини кўриш мумкин.

«Бир вақтлар ҳарбий хизматни биргаликда ўтаган дўстлар 35 йил ўтиб яна учрашдилар. Оға-инидек бир-бирини бағрига босиб, бошларидан кечирганларини, хизматдаги хотираларини эсладилар, ҳаёти, турмуши, ишидан сўзладилар. Жудаям самимий, кўзларга ёш келтирувчи учрашув бўлди.

Бу воқеа бугун Хивада, Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари шаҳарни зиёрат қилаётган пайтда содир бўлгани ҳам чуқур рамзий маънога эга. Шу учрашув ҳам ўзбек ва озарбайжон халқлари дўстлигининг илдизлари чуқурлиги, тақдирларимиз бир-бирига нақадар боғланиб кетганига яна бир мисол», дейилади видео остидаги изоҳда.

Бугуннинг асосий мавзуси: «Тўпаланг» сув омборидан «тошиб чиққан» сув.

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган «Тўпаланг» сув омборидан чиқаётган сув 22 июнь куни соат 08:14 ларда кескин кўтарилди. Ҳудуддаги аҳоли ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида ваҳима кўтарилди. Тармоқларда сув омборидан сув тошиб чиқаётгани айтилган видеолар тарқалди. Қуйида воқеа аслида қандай бўлганини хронология тарзда келтирамиз — «Тўпаланг ГЭС»да тўполон: нималар бўлди?

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • «Ўзгидромет» қатор ҳудудларда сел келишидан огоҳлантирди — рўйхат;
  • Самарқандда туғуруқхонада аёл вафот этди — батафсил.

Афғонистонда 6,1 балли зилзила содир бўлди. Охирги маълумотларга кўра, 920 киши ҳалок бўлди.

Афғонистонда 22 июнь куни 6,1 балли зилзила содир бўлди. Унинг кучи Ўзбекистонда ҳам сезилди (2-3 балл). Афғонистоннинг Пактика ва Хост вилоятларидаги зилзила оқибатида 920 киши ҳалок бўлган, 1500 нафар аҳоли жароҳатланган.

Кадр: Telegram

«Amaaj news» нашрининг қайд этишича, ҳодиса қурбонлари сони 1000 кишидан ортган. Қўшимча қилинишича, 1500 нафар аҳоли жароҳатланган. Шунингдек, қурбонлар сони ортиши кутилаётгани келтирилган.

Толибон расмийларига кўра, тунда содир бўлган зилзила сўнгги йигирма йил ичида энг ҳалокатлиcи бўлган. Маълумотларга қараганда, аксар одамлар вертолётларда ҳудуддан олиб кетилган. «Aljazeera» нашрининг қўшимча қилишича, «Толибон» ҳукуматининг Табиий офатлар бўйича вазирлиги ҳалок бўлганларнинг аксарияти Пактика вилоятида бўлган.

Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбари зилзила сабаб халқаро ташкилотлардан ёрдам сўради. Эрон зилзила қурбонларига ёрдам кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди.

Ўз навбатида Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги зилзила қурбонларининг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Вазирлик қўшни давлатга ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE