Жаҳон - 7:05 · 22.06.2022

Исроилда икки йил ичида тўртинчи марта парламент тарқатиб юборилади

Исроилда икки йил ичида тўртинчи марта парламент тарқатиб юборилиб, сайлов ўтказилади. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «The Times of Israel»

Мамлакат бош вазири Нафтали Беннет ва ташқи ишлар вазири Яир Лапид Исроилнинг қонун чиқарувчи органи бўлмиш Кнессетни тарқатиб юборишга ва мамлакатда янги сайловлар ўтказишга қарор қилган. Бундан ташқари, Яир Лапид вақтинчалик янги бош вазир бўлиши қайд этилган.

Маълум қилинишича, коалиция келгуси ҳафтада Исроилнинг 24-Кнессетини ихтиёрий равишда тарқатиб юбориш ва янги сайловлар ўтказиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этади. Парламент тарқатиб юборилгач, Яир Лапид янги ҳукумат қасамёд қилмагунча, коалиция келишувида кўрсатилганидек, муваққат бош вазир бўлади.

Қонуний ва байрам чекловлари ҳисобга олинса, сайловлар октябрь охирида ўтказилиши кутилмоқда. Исроилда охирги парламент сайловлари 2021 йилда бўлиб ўтганди.

Аввалроқ Исроил парламентида Украина президенти нутқ сўзлаганди. У украин ва яҳудийлар доимо бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлганини, таҳдид умумий эканини айтган.

Bugun — LIVE