Жаҳон - 10:02 · 22.06.2022

Қозоғистонда 160 га яқин қушлар оммавий нобуд бўлди — видео

Қозоғистоннинг Баутино ва Аташ қишлоқларидаги қирғоғдан 160 га яқин ёввойи қушларнинг ўлик жасади аниқланди. Бу ҳақда «Lada.kz» хабар берди.

Кадр: YouTube

Маълум қилинишича, мутахассислар нобуд бўлган қушларнинг танасида инсон таъсирининг жисмоний изларини топмаган. Манғистов вилояти ўрмон хўжалиги ва ҳайвонот дунёси инспекциясининг овчилик бўлими бошлиғи Турғинбой Шапагатов ҳолатга қуйидагича изоҳ берган.

«Бу қушлар Қизил китобга киритилмаган, ов ҳам қилинмайди. Одамларнинг уларнинг нобуд бўлишида ҳеч қандай алоқаси йўқ. Эҳтимол, бунга атроф-муҳит сабаб бўлган бўлиши мумкин. Экологлар қушларнинг ўлик танасидан сув, ҳаво намуналари олган. Натижалар келиши билан оммага хабар қилинади. Қушларнинг нобуд бўлишига икки-уч кун олдин содир бўлган кучли бўрон сабаб бўлган бўлиши мумкин», —дейди Шапагатов.

Маълумот ўрнида, Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Оқшоқи қишлоғида 260 бош қорамол касал бўлиб, 80 бошдан ортиқ сигир ва бузоқлар номаълум касалликдан нобуд бўлганди. Шунингдек, мамлакатнинг Қўстанай вилоятида товуқлар номаълум касалликдан нобуд бўла бошлаганди. Номаълум касалликнинг биринчи авж олиши бир неча ой олдин Россия билан чегарадош Ленино қишлоғида содир бўлган.

Bugun — LIVE