Жамият - 18:18 · 22.06.2022

Самарқандда туғуруқхонада аёл вафот этди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар туғуруқхонада 6 июнь куни аёл вафот этди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Аниқланишича, 2022 йил 28 май куни Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқаро М.Я. 33 ёшли аёл ҳомиладорлиги сабаб шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимига мурожаат қилган. Шу куни туғруқ бўлимига «Ҳомиладорлик I, 38-39 ҳафта, 1-туғруқ, туғруқни I даври, гистатцион анемия енгил даражаси» ташхиси билан ётқизилиб, кузатувга олинган.

Шундан сўнг «Ҳомила чаноқ бош диспропорцияси. Ҳомилани ноаниқ ҳолати» ташхиси қўйилиб, ҳаётий кўрсатма сабаб 29 май куни соат 02:00 да ҳомиладор аёлнинг яқин қариндошларини розилиги билан кесиш операцияси ўтказилган. Ўғил ҳомила оператив йўл билан туғдирилган. Она ва боланинг аҳволи яхши бўлиб, операциядан сўнг туғруқ бўлимида кузатувда бўлган.

Қайд этилишича, 6 июнь куни соат 15:10 да бемор М.Я. Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимида ўткир ўпка-юрак ва полиорган етишмовчилиги ташхиси билан вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан 2022 йил 6 июнь куни Каттақўрғон шаҳар прокуратураси терговчиси ва тезкор тергов гуруҳи аъзолари ҳодиса жойига чиқиб, кўздан кечиришган. М.Я.нинг ўлими сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига хизмат текшируви тайинланиб, ишга алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олинган. Ушбу ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода туғуруқхонада 23 ёшли аёл вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, бунинг сабабини аниқлаш ишлари олиб борилганди.

Bugun — LIVE