Жамият, Сурхондарё - 15:36 · 22.06.2022

«Тўпаланг ГЭС»да тўполон: нималар бўлди?

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган «Тўпаланг» сув омборидан чиқаётган сув 22 июнь куни соат 08:14 ларда кескин кўтарилди. Ҳудуддаги аҳоли ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида ваҳима кўтарилди. Тармоқларда сув омборидан сув тошиб чиқаётгани айтилган видеолар тарқалди. Қуйида воқеа аслида қандай бўлганини хронология тарзда келтирамиз.

Нима бўлди?

Тонгда тармоқларда «Тўпаланг» сув омборидан сув сизиб чиқаётгани иддао қилинган (ваҳимали) видеолар тарқала бошлади. Аксари видеоларга бириктирилган матнларда «тўғон сув қўйиб юборгани» ёзилганди.

Ҳолат бўйича биринчи расмий изоҳ соат 10:01 да Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан берилди. Унга кўра, «Тўпаланг ГЭС»да сув ташламаси режавий 70 метр/кубдан 110 метр/кубга ошиб кетган. «Тўпаланг ГЭС» сув омбор лойихаси қуввати 400 миллион метр/куб, амалда 378,87 миллион метр/кубни ташкил этмоқда.

Сув омборининг мустаҳкамлигига эса зиён етмагани маълум қилинган. Энергетика вазирлиги изоҳига кўра, бунга модернизация жараёнида босимли сув қувурига ўрнатилган вақтинчалик тиқиннинг шикастланиши сабаб бўлган.

Аммо, шунга қарамай, ҳудуд аҳолиси орасида ваҳима кўтарилди. Одамлар ўз уйини ташлаб, адирга ва узоқроқ бошқа жойга чиқиб кетаётгани акс этган видеолар тарқалди.

Шундан сўнг «Bugun.uz» яна ФВВдан изоҳ олди. Вазирлик матбуот котибининг бизга (соат 10:50 атрофида) маълум қилишича, Ҳеч қандай хавотир ва ваҳимага ўрин йўқ, тўғонга зарар етмаган, сув чиқиши тўхтатилган. Аслида ҳам шундай бўлган.

«Газета.uz» мухбирининг сўзларига кўра, видеода (қуйида) кўринаётган бино бу ГЭСнинг эски иншооти бўлиб, 2021 йилдан бери бу ерда янги агрегатларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Агрегатларга омбордан тушувчи сув йўли эса ёпиб қўйилганди. Видеолардан эса айнан ушбу бинодан сув чиқаётганини кўриш мумкин.

Бу орада вилоят ҳокимлиги матбуот котиби ФВВ билан тегишли чоралар кўрилаётгани, xавотирга ўрин йўқлигини таъкидлади. Тармоқларда резонансга сабаб бўлган ҳолат юзасидан «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ахборот хизмати ҳам маълумот бериб, тарқалган хабарларни фейк деб атаган.

Жамиятнинг муносабатига кўра, ҳозирда «Тўпаланг» сув омбори қошида барпо этилган «Тўпаланг ГЭС»да 2-компонент модернизация лойиҳаси амалга оширилаётган бўлган. Шу муносабат билан босимли қувурда синов ишлари ўтказилган вақтда босим қувури тўсини орқали 40 метр/куб сув чиққан ва тўлалигича каналга йўналтирилган.

Telegram’даги «davletovuz» каналига омбор атрофидаги вазият сабаб одамлар ҳали ҳам ваҳимада экани, муаммо бартараф этилган бўлса, масъул шахс муносабат билдиришини сўраб мурожаат қилинган.

«Ўқувчиларимиз Тўпаланг сув омборидаги вазият туфайли одамлар ҳали ҳам ваҳимада эканлигини, модомики муаммо бартараф этилган бўлса, бирорта каттакон чиқиб видеомурожаат қилишини сўрашмоқда. Назаримизда, ўринли талаб», дейилади хабарда.

Шу сабабми ё режада бормиди, хуллас, расмийларнинг видеочиқишлари кўпайди. Хусусан, «Тўпаланг ГЭС» директори, ФВВ маъсул ходими, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов «Тўпаланг» сув омборидан видеомурожаат йўллашди.

ГЭС директори Асрор Улуғов видеомурожаатда сув омборида ҳаммаси жойида экани, ГЭСдаги носозлик эса 1-1,5 соатда (видео соат 10:28 да ёзилган) тўлиқ бартараф этилишини маълум қилган.

Сув омборига вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳам етиб бориб, у ердан аҳолига мурожаат йўллаган. У изоҳ берди ва ваҳимага ўрин йўқлигини таъкидлади.

Энергетика вазирлиги баёнотига кўра, «Тўпаланг ГЭС»га «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси, сенатор Абдуғани Сангинов ҳам етиб борган. Ваҳимага тушмасликни аҳолининг ўзи ҳам сўраган. Аҳоли атрофда ҳаммаси жойида эканини айтиб, видеолар йўллаган.

Журналист Шуҳрат Шокиржонов ўз Telegram каналида укаси юборган видеони улашган. Унда ҳаммаси жойида экани, фақат сув салгина кўпайгани (яъни эплаб бўлмас даражада эмаслиги) қайд этилган.

Шунга ўхшаш ҳолатлар

Наманган вилояти Косонсой туманида жойлашган «Ертикан» сув омборида 13 июнь куни сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилганди. Туманнинг Қуқунбой қишлоғида жойлашган «Ертикан» сув омборининг 2 та ерли жойидан (5 ва 10 литр секундига) сув сизиб чиқиши 13 июнь куни соат 19:00 дан бошлангани, дамба (темир бетон)нинг ўзи мустаҳкамлиги, аҳолига ва тўғонга хавф йўқлиги аниқланган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Сув сизиб чиқишини бартараф этиш мақсадида «Косонсой» сув омборидан сувни чиқариш тўхтатилган, «Ертикан» сув омборидан сувнинг чиқарилиши «Калбува» ва «Муса ариқ» каналлари (авариявий ташлама) орқали 4 метр куб/секундгача оширилган.

Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6-пикет девори 2020 йилнинг 1 май куни ёрилганди. Бунинг оқибатида катта ҳудуд сув остида қолди, 70 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинган. Сув чиқиши ўша куни тахминан соат 17:00 атрофида тўхтаган.

Фото: «Газета.uz»

2 май куни ҳодиса жойига Шавкат Мирзиёев ҳам етиб борган. Президент Оқолтин тумани аҳолиси билан учрашувда шароит яхши бўлмагунча ўзи ва бошқа раҳбарларнинг ҳеч қаерга кетмаслигини маълум қилган. Давлат раҳбари қурилишлар бошланиши, шароитлар яратиб берилишини таъкидлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Газета.uz»га кўра, 2017 йилнинг май ойида президентга лойиҳа тақдимоти вақтида «Ўзбекистон темир йўллари»нинг собиқ раҳбари Очилбой Раматов (ҳозирда бош вазирнинг биринчи ўринбосари), қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Шавкат Ҳамроев (ҳозирда сув хўжалиги вазири) ва «Ўзсувенерго» раиси Абдуғани Сангиновлар (ҳозирда «Ўзбекгидроэнерго» раиси) иштирок этган.

2021 йилнинг 10 май куни «Сардоба иши» бўйича суд ҳукми эълон қилинди. «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК бош директори ўринбосари 10 йил, яна 4 судланувчи 5 йил, бир нафари 4 йилга қамалди. 3 кишига озодликни чеклаш ва жарима жазолари тайинланди.

Шунингдек, судланувчилардан ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш оқибатида ҳамда «Сардоба» сув омбори ўпирилиши натижасида етказилган зарарларни ундириш чоралари белгиланди.

Bugun — LIVE