Жамият, Сурхондарё - 14:05 · 22.06.2022

Тўра Боболов «Тўпаланг»даги сув тошқини бўйича видеомурожаат билан чиқди

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган Тўпаланг сув омборида 22 июнь куни тонгда сув тошиб чиқаётгани ҳақида хабар берилганди. Вилоят ҳокими воқеа жойига бориб, ҳолатни ўрганди.

Фото: «Bugun.uz»

Боболов сув омборида бўлиб, ҳақиқий ҳолатга изоҳ берди ва ваҳимага ўрин йўқлигини таъкидлади. Маълум бўлишича, омбор тўғонига ҳеч қандай талофот, шикаст етмаган.

«Бугун эрталаб соат 8:14 да Сариосиё тумани Тўпаланг сув омборининг Тўпаланг ГЭС қисмида сув тошқини ҳолати юз берган. Сув омбори тўғонига ҳеч қандай талофот, шикаст етмаган.

Ҳозирда сув сизиб чиқиш тўхтатилган. Тўпаланг ГЭСнинг ички қисмида юзага келган кичик носозлик бугуннинг ўзида бартараф этилади. ‘Зарчоб-1’ ва ‘Зарчоб-2’ ГЭС эса маромда ишлаб турибди.

Ҳудудда тегишли комиссия иш олиб бормоқда. Фуқароларимиздан тушкунликка тушмасликни, саросимага берилмасликни сўраймиз. Ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқ!», — дейди вилоят раҳбари.

Аввалроқ «Ўзбекгидроэнерго» Тўпаланг сув омбори тўғони сув қўйиб юборгани ва атрофни сув босгани тўғрисидаги асоссиз деб атаганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса омборнинг мустахкамлигига зиён етмагани ва ҳозирда чиқарилаётган сув хажмини камайтириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилганди.

Bugun — LIVE