Жамият, Сурхондарё - 11:16 · 22.06.2022

«Хавотир ва ваҳимага ўрин йўқ». Сурхондарё ҳокимлиги ва ФВВ аҳолини тинчланишга чақирди

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган Тўпаланг сув омборидан чиқаётган сув кескин кўтарилганди. «Bugun.uz» мазкур ҳолат бўйича вилоят ҳокимлиги ва ФВВга мурожаат қилди.

Кадр: Telegram

Вилояти ҳокимлиги матбуот котиби тегишли чоралар кўрилаётганини айтиб, аҳолини тинчланишга чақирган.

«Ҳокимлик Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда Тўпаланг сув омбори ҳудудида тегишли ишларни амалга оширмоқда. Аҳолини тинчланишга чақирамиз, хавотирга ўрин йўқ», — дейди ҳокимлик вакили.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, шунингдек, тўғонга зарар етмагани ва хавотирга ўрин йўқлигини билдирган.

«Ҳеч қандай хавотир ва ваҳимага ўрин йўқ, тўғонга зарар етмаган, сув чиқиши тўхтатилган», дейилади изоҳда.

Ўз навбатида,«Ўзбекгидроэнерго» Тўпаланг сув омбори атрофидага вазиятга муносабат билдириб, тармоқларда тарқалган хабарни фейк деб атаган.

Telegram’даги «davletovuz» каналига омбор атрофидаги вазият сабаб одамлар ҳали ҳам ваҳимада экани, муаммо бартараф этилган бўлса, масъул шахс муносабат билдиришини сўраб мурожаат қилинган.

«Ўқувчиларимиз Тўпаланг сув омборидаги вазият туфайли одамлар ҳали ҳам ваҳимада эканлигини, модомики муаммо бартараф этилган бўлса, бирорта каттакон чиқиб видеомурожаат қилишини сўрашмоқда. Назаримизда, ўринли талаб», дейилади хабарда.

Bugun — LIVE