Афғонистонда юз берган 6,1 балли зилзила — суратларда
Табиий офат оқибатида 1,5 мингга яқин одам ҳалок бўлган
Афғонистоннинг Кобул, Ғазни, Лўгар, Пактика, Хост ва Лағмон вилоятларида 22 июнга ўтар кечаси 6,1 балли зилзила содир бўлди. «Толибон» расмийлари бу сўнгги йигирма йил ичидаги энг ҳалокатли зилзила бўлганини таъкидлади. Табиий офат қурбонлари сони 1500 кишига етди. «Bugun.uz» қўшни республикада содир бўлган зилзила оқибатлари акс этган суратларни намойиш қилади.

«Толибон» ҳаракати Афғонистон шарқидаги зилзила қурбонларига ёрдам бериш учун 1 миллиард афғони (тахминан 11 миллион доллар) ажратмоқда. Ҳаракат амири Ҳайбатуллоҳ Охундзода мамлакат шарқидаги зилзила сабабли халқаро тузилмалардан ёрдам сўраган.


Ҳолат юзасидан БМТ бош котиби Антониу Гутерриш жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, Афғонистонга зилзила оқибатларини бартараф этишга чақирган.
«Халқаро ҳамжамиятнинг ушбу табиий офатдан жабр кўрган юзлаб оилаларга ёрдам беришига умид қиламиз. Бирдамлик кўрсатиш вақти келди», — деган Гутерриш.

Шунингдек, у БМТнинг жойлардаги ходимлари вазиятни баҳолаб, муҳтожларга тез ёрдам кўрсатаётганини қўшимча қилган ва қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.



Табиий офат юзасидан қатор давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам зилзила қурбонларининг оилала аъзоларига ҳамдардлик билдирган. Ҳукумат табиий офатнинг фожиали оқибатларини имкон қадар тез бартараф этишда биродар Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлаган.



