Жаҳон - 9:43 · 23.06.2022

Афғонистонда зилзила қурбонлари сони 1,5 мингтага етди

Афғонистоннинг Пактика ва Хост вилоятларида содир бўлган зилзила қурбонлари сони 1500 тага етди. Бу ҳақда «Aljazeera» хабар берди.

Фото: «Aljazeera»

Маълум қилинишича, табиий офатдан 2000 дан ортиқ одам жабр кўрган. Олдинроқ 1000 га яқин одам ҳалок бўлгани ва 1500 киши яралангани ҳақида хабар берилган. Ҳолат юзасидан БМТ бош котиби Антониу Гутерриш жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, Афғонистонга зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам сўраган.

«Халқаро ҳамжамиятнинг ушбу табиий офатдан жабр кўрган юзлаб оилаларга ёрдам беришига умид қиламиз. Бирдамлик кўрсатиш вақти келди», — деган Гутерриш.

Шунингдек, у БМТнинг жойлардаги ходимлари вазиятни баҳолаб, муҳтожларга тез ёрдам кўрсатаётганини қўшимча қилган ва қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг Кобул, Ғазни, Лўгар, Пактика, Хост ва Лағмон вилоятларида 22 июнга ўтар кечаси 6,1 балли зилзила содир бўлган. Унинг кучи Ўзбекистонга ҳам сезилган. «Толибон» расмийлари тунда содир бўлган зилзила сўнгги йигирма йил ичида энг ҳалокатлиcи бўлганини айтган. Ҳаракат расмийси зилзила сабаб халқаро ташкилотлардан ёрдам сўраган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги кучли зилзила қурбонларининг оилала аъзоларига ҳамдардлик билдирган. Ҳукумат табиий офатнинг фожиали оқибатларини имкон қадар тез бартараф этишда биродар Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлаган.

Bugun — LIVE