Жаҳон - 22:02 · 23.06.2022

Болгария парламенти ҳукуматга ишончсизлик вотуми эълон қилди

Болгария парламентарийлари бош вазир Кирил Петков ҳукуматига ишончсизлик вотуми эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат миллий телевиденияси хабар берди.

Фото: «БНТ»

Маълум қилинишича, 123 депутат ишончсизлик вотумини ёқлаб, 116 нафари қарши овоз берган. Ташаббусни маъқуллаш учун парламент аъзоларининг 121 овози етарли бўлган. Вотум таклифи собиқ бош вазир Бойко Борисов бошчилигидаги «ГЕРБ» партияси депутатлари томондан илгари сурилган.

Таъкидланишича, маслаҳатлашувлардан сўнг бошқа мухолифат фракциялари — «Уйғониш», «Шундай халқ бор» ва «Ҳуқуқ ва эркинликлар ҳаракати» таклифга қўшилган. Депутатларнинг фикрича, Петков ўсиб бораётган инфляцияга дош бера олмаган ва Болгарияда коррупцияни енгиш ҳақидаги ваъдасини бажармаган.

Улар мамлакат фуқароларининг қарийб 15 миллиард лев (8 миллиард доллар) йўқотишига сабаб бўлган инфляция ҳақида гапирган. Мавжуд вазият туфайли энергетика вазири ва ташқи ишлар вазири аввалроқ ўз лавозимларини тарк этганди.

Аввалроқ Швеция тарихида илк марта бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилинганди.

Bugun — LIVE