Жамият, Жаҳон - 21:30 · 23.06.2022

Бугун оқшоми. Ўзбекистонда аниқланган «Omicron»нинг мутацияси, IT танлови ғолибига совға қилинган пилот, пандемияга айланган маймунчечак

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Кун совғаси: Қорақалпоғистонда IT танлови ғолибига пилот совға қилинди.

Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида ўтказилган IT танловида биринчи ўринни эгаллаган йигитга пилот (йўқ, бу учувчи ё шунга ўхшаш нарса эмас, шунчаки удлинитель) совға қилинди (пост матни ва суратларни «Qalampir.uz» нашри эълон қилди). Тақдирлаш маросими (агар шундай деб бўлса) суратлари туман ҳокимлиги Telegram каналига жойлаштирилган (ҳозирда пост ўчирилди), аммо бу тарқалиб кетиб, тармоқларда танқид ва кулгига сабаб бўлди.

Фото: Чимбой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Тумандаги ёшлар ойлиги доирасида 15–25 ёшлилар орасида «IT билимдони» танловининг туман босқичи бўлиб ўтган. Унда 60 дан зиёд ёшлар иштирок этган. Ғолибларга ноутбук… (шу ерда «таҳликали» барабан товуши) сумкаси (!), клавиатура ва пилот совға қилинган. Танловни Ёшлар ишлари агентлиги ва IT-Park ташкил қилган. Унга қанча маблағ ажратилгани (ё умуман ажратилмагани) маълум эмас.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ғолибларга берилган совғани танқид қилиб, постлар жойлашни бошлади. Улар «IT билимдонига совғанинг ИТи» деб изоҳлар ёзишмоқда. Албатта, уларнинг танқидлари ҳам ўринлидир, лекин танловни ким ташкиллаштиргани, унга қанча пул ажратилгани ҳам муҳим.

Фото: Telegram

Бу Ўзбекистон ва бу биринчиси эмас. Аввалроқ Самарқандда IT танлови ғолибига эски ноутбук берилганди (бунинг ортидан «замҳоким» ҳайфсан олган). Наманганда «Заковат» танлови ғолибларига ваъда қилинган совғалар эса умуман берилмаганди. Шунақа.

«Тўпаланг»даги тўполон «отмен»: сув омбори атрофида яшовчилар эвакуация қилинаётгани рад этилди.

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган «Тўпаланг» сув омборидан чиқаётган сув 22 июнь куни кескин кўтарилгани ҳақида хабар берилганди. «Bugun.uz» таҳририятига 23 июнь куни сув омборига яқин ҳудудларда яшовчи аҳоли эвакуация қилинаётгани тўғрисида хабар келиб тушди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Нашр журналисти ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Сариосиё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати билан боғланди. Таъкидланишича, шахси аниқланмаган 2–3 киши тумандаги Янгиҳаёт маҳалласида уйма-уй юриб, эвакуация жараёни бошлангани тўғрисида хабар тарқатган. Ҳокимлик тармоқларда тарқалган (сув тошиб чиқаётгани акс этган) видеодаги ҳолатга сув омборида носозлик сабаб эмаслигини маълум қилди.

Буни «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ҳам рад этиб чиқди. Маълум бўлишича, «Тўпаланг ГЭС»нинг ён қисмида фаввора кўринишида акс этаётган сувнинг чиқиши станциянинг босимли сув қувури орқали меъёрий қўшимча сув сальт ташламаси иншооти ҳисобланади. Ҳозирда сув сальт ташламаси орқали дарё ўзанига йўналтирилмоқда.

Қишлоқни обод қилмасдан ўз чўнтагини обод қилмоқчи бўлганлар ҳам бор: Сирдарёда «Обод қишлоқ» дастури доирасида 1,5 млрд сўм талон-торож қилинди.

Сирдарё вилояти Боёвут тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан қурилган тумандаги умумфойдаланув автомобиль йўллари ва «Обод қишлоқ» дастурига асосан ички йўлларда амалга оширилган қайта таъмирлаш ишлари назорат ўлчовидан ўтказилган.

Фото: «Bugun.uz»

Унда мазкур корхона мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, ҳисоботларга бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали жами 1 миллиард 525 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани маълум бўлган.

Ҳозирда туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209- (Мансаб сохтакорлиги) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Тагига сув қуйиш» бўйича маҳорат дарси: Тошкентда дарахтлар остига дизель қуйилиб, сунъий қуритишга уриниш бўлди.

Фото: Telegram / @Troll_uz

Тошкент шаҳри Миробод тумани Катта Миробод маҳалласи ҳудудида дарахтлар остига дизель қуйилиб, сунъий қуритилаётгани ҳақида блогер Умид Гафуров Telegram каналида ёзиб қолдирганди. Экология қўмитаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: Telegram / @Troll_uz

Мурожаат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, жойига бориб ўрганишлар олиб борилган. Унга кўра, мавжуд дарахтларни сунъий равишда қуритишга уриниш ўз тасдиғини топиб, дастлабки суриштирув ишлари бошлаб юборилган.

Дарахт кесишга мороторий эълон қилингандан (тўғрироғи, чексиз муддатга узайтирилгандан кейин, лекин шу пайтда ҳам «эплаб» кесганлар бор) ва жамоатчилик назорати кучайгандан кейин дарахт кесиш анча-мунча қийинлашди. Юқоридаги ишга қўл урган «шоввозлар» эса анча креатив йўл танлашибди, қойил. Лекин барибир қилаётган иши табиатга нисбатан жиноят.

Ўзбекистонда «Omicron» штаммининг янги мутациядаги варианти аниқланди.

Мамлакат «Омисрон» штаммининг янги мутациядаги «Стеалтҳ-Омисрон» БА.2 варианти топилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевга таяниб, «ЎзА»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Республикада ушбу штамм аниқланиб, хозирги кунда коронавирус инфекцияси билан касалланишда ушбу штаммнинг учраётгани кузатилмоқда.

«Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар марказида вирус геномини ўрганиш (секвенлаш) бўйича ўтказилган таҳлилларда 67 фоизида ‘Omicron’ ва 33 фоизида ‘Omicron’ штаммининг янги мутациядаги ‘Stealth-Omicron’ BA.2 варианти топилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси бўйича вазият барқарорлиги таъминланиб келинмоқда. Лекин ўтган икки йил давомида айнан июль-август ойларида касалланиш кўтарилганлиги қайд этилган. Шунинг учун коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ва бустер дозаси билан қайта эмлаш ишларини жадаллаштириш катта аҳамиятга эга», — деган Баҳодир Юсупалиев.

Ўзимизни эҳтиёт қилишимиз, эҳтиётимизни ҳам ўзимиз қилишимиз керак бўлган даврлар яна қайтди. «Хуш келибсан», «Omicron».

Ўзбекистон терма жамоаси янгиланган FIFA рейтингида 6 поғонага юқорилади.

Рейтингда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси июнь ойида 83-ўриндан 77-ўринга кўтарилди. Шунингдек, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 46-ўриндан жой олди.

Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси ахборот хизмати

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Осиёда 10-ўринни эгаллаб турибди, МДҲ давлатлари ичида эса 3-ўринда. Сречко Катанец шогирдлари Хитойни ортда қолдирмоқда, Исроилдан бир поғона пастда жойлашган.

Маълумот учун, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси июнь ойида учта расмий учрашув ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонди.

Яна озроқ статистикалар пунктларда:

  • Ўзбекистон мактабларида бир ўқитувчига нечта ўқувчи тўғри келиши маълум қилинди;
  • Ўзбекистонда бир оилага нечта бола тўғри келаётгани маълум қилинди.

Хўш, оламда нима гап?

«Ласковий май» гуруҳи яккахони Юрий Шатунов 48 ёшда вафот этди. 

Фото эдит: «Shoubiz.uz»

Россиялик қўшиқчи «Ласковий май» гуруҳининг собиқ солисти Юрий Шатунов 48 ёшида вафот этди, деб хабар бермоқда бизга шерик «Shoubiz.uz» нашри. Маълумотларга кўра, унда юрак ҳуружи бўлган ва тез ёрдам машинасида жони узилган.

У 1980 йилларнинг охирида, «Ласковй Май» гуруҳининг солисти бўлганида машҳур бўлди. Бу вақт ичида жамоанинг асосий ҳитлари «Оқ атиргуллар», «Ғамгин тун», «Ёз», «Тун бўлсин» ва бошқалар пайдо бўлди. 1991 йилда Шатунов «Ласковий май»ни тарк этди ва яккахон карерасини бошлади.

Жаҳон саломатлик тармоғи маймунчечакни пандемия деб эълон қилди.

ЖСТ (ЖССТ эмас) маймунчечак оқибатини олдини олиш учун мамлакат ва глобал соғлиқни сақлаш идораларини зудлик билан чоралар кўришга чақирувчи декларацияни эълон қилган. Касаллик 58 мамлакатда 3417 нафар одамда қайд этилган. Шу сабабли ЖСТ хасталик жадал суръатлар билан тарқалаётганини ҳисобга олиб, маймунчечак эпидемиясини пандемия деб эълон қилган.

Фото: «CNA»

ЖСТ ҳолат юзасидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига мурожаат қилиб, касалликка қарши чоралар кўришга, маймунчечакни пандемия деб эълон қилишга чақирган.

«ЖССТ зудлик билан ўзининг соғлиқни сақлаш бўйича халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат эълон қилиши керак. 2020 йил январь ойи бошида эпидемияга нисбатан зудлик билан кўрилмаган чоралар дунёда ниамга олиб келганини тарих дарси сифатида эсда қолиши керак», дейилади баёнотда.

Афғонистонда зилзила қурбонлари сони 1,5 мингтага етди. Суратлар.

Фото: «AP»

Афғонистоннинг Кобул, Ғазни, Лўгар, Пактика, Хост ва Лағмон вилоятларида 22 июнга ўтар кечаси 6,1 балли зилзила содир бўлди. «Толибон» расмийлари бу сўнгги йигирма йил ичидаги энг ҳалокатли зилзила бўлганини таъкидлади. Табиий офат қурбонлари сони 1500 кишига етди. «Bugun.uz» қўшни республикада содир бўлган зилзила оқибатлари акс этган суратларни бир жойга тўплади: Афғонистонда юз берган 6,1 балли зилзила — суратларда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE