Жамият, Иқтисод - 21:09 · 23.06.2022

Электроэнергетика соҳаси эркин бозорга ўтгандан сўнг вилоятларда турлича нархлар шаклланиши мумкинми?

Энергетика вазирлиги Электроэнергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича бошқарма директори ўринбосари Баҳром Умарбеков электроэнергетика соҳаси эркин бозорга ўтгандан сўнг аҳоли учун вилоятларда турлича нархлар шаклланмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика форумидан Bugun.uz мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Мутахассиснинг таъкидлашича, ислоҳотлар турли вилоятда яшовчи аҳоли учун турлича нархларни юзага келтирмайди. Лекин бизнес учун нархлар ўртасида фарқ юзага келиши мумкин.

«Аҳоли учун бундай бўлмайди. Бизнес учун нархларда фарқ юзага келиши мумкин, лекин у ҳам катта бўлмайди. Гап географик жойлашув ҳақида кетмоқда. Масалан, нафақат электр энергиясини, балки газни ҳам қанча узоқ ҳудудга етказсангиз, шунча кўп ҳаражат қиласиз. Электр энергияда ҳам шундай: қанча узоққа етказилса, техник йўқотишлар ҳам шунча кўп бўлади. Шу туфайли бу ерда география озгина роль ўйнайди. Нархлар бироз фарқланиши мумкин лекин 2 фоиздан кўп эмас», — Баҳром Умарбеков.

Аввалроқ Ўзбекистон электр энергияси нархи пастлиги бўйича дунёда нечанчи ўриндалиги маълум бўлганди. Шунингдек, мамлакатда энергия ресурслари бозори ислоҳ қилишга зарурият борлиги айтилган.

Bugun — LIVE