Жамият, Иқтисод - 23:39 · 23.06.2022

«Эркин бозор эртага пайдо бўлиб қолмайди, у 2–3 йил ичида яратилади» — Баҳром Умарбеков

Энергетика вазирлиги Электроэнергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича бошқарма директори ўринбосари Баҳром Умарбеков Ўзбекистон энергетика соҳасида эркин бозорга қай тарзда ўтишини тушунтирди. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика форумидан «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда электр энергетикаси соҳасида эркин бозор муносабатларига ўтиш босқичма-босқич амалга оширилади.

«Эркин бозор эртага пайдо бўлиб қолмайди, у 2–3 йил ичида яратилади. Шунингдек, бу вақтда инвесторларда ўзларининг инвестиция сиёсатлари бўйича қарор чиқариш учун имконият пайдо бўлади. Эркин бозор яратилгунга қадар электр энергияси ишлаб чиқарувчилар учун лицензия ишлаб чиқилади. Улар аукционда сотилади. Кейинчалик эса улар электр етишмовчилиги муаммоси билан шуғулланади. Улар кўплаб электр станциялари қуради. Ва қачонки, эркин бозорни яратганимизда, бизда таклифнинг талабдан ошишига яққол мисол пайдо бўлади. Айнан ўшанда биз эркин бозор муносабатларига ўтган бўламиз. Унгача эса ҳозирги шароитда ишлаб турамиз», — дейди Баҳром Умарбеков.

Шунингдек, мутахассис электр энергияси бутун Ўзбекистон бўйлаб ягона тармоқ орқали тақсимланишини ва уни исталган ҳудуддан бошқасига йўналтириш мумкинлигини таъкидлади.

«Агар бизга электр энергияси Фарғона вилоятида керак бўлса, Фарғонага йўналтирилади, Сурхондарёда керак бўлиб қолса, Сурхондарёга. Шу сабабдан дейлик, Бухорода қуёш электр станцияси қурилса, у фақат Бухорога хизмат кўрсатмайди. Биз бу электр энергиясини кимга ва қаерда керак бўлишидан қатъий назар йўналтира оламиз», — дейди мутахассис.

Аввалроқ Ўзбекистонда газ ва электр энергиясига тўлов нархлари оширилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Энергетика вазирлиги электр энергияси учун нархлар ошгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирган.

Bugun — LIVE