Эрон ерости ядро иншооти қураётгани маълум бўлди
АҚШ ва Исроил разведкаси бунга алоқадор маълумотларни очиқлади
Исроил ва АҚШ разведкаси Эрон янги ерости ядровий иншооти қураётганини маълум қилди. Бу ҳақда «The Jerusalem Post» хабар берди.

Маълум қилинишича, объект Натанз ядровий мажмуаси жанубидаги тоғларда қўрилмоқда. Разведка ходимлари сунъий йўлдош тасвирлари ёрдамида мураккаб туннеллар тармоғи қурилишини кузатган. Ерости иншооти киберҳужумлар ва бункерга йўналтирилган бомбаларга бардош беришга мўлжаллангани аниқланган.

Ядровий иншоот қурилишига АҚШ ва Исроилнинг Натанздаги уран бойитиш объектидаги ички энергия тизимини нишонга олиши сабаб бўлган. Исроил мудофаа вазири Бенни Ганц май ойида янги ядровий инфратузилмага ишора қилиб, Эрон заводда 1000 га яқин илғор IR6 центрифугаларини (уранни тозалаш ёки ундан юқори даражада бомба ёнилғиси қилиш учун ишлатилади) ишлаб чиқараётганини айтган.
«Эрон ўзининг ядровий иншоотларида центрифугаларни, жумладан, Натанз яқинидаги янги ерости мажмуасини ишлаб чиқаришни якунлаш устида ишламоқда», — деган Ганц.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро атом энергияси агентлиги Эрон ўзининг ядровий иншоотларидан 27 та камера ва бошқа кузатув мосламаларини олиб ташлаганини маълум қилганди. Агентлик раҳбари Рафаэль Гроссига кўра, йигирмадан ортиқ кузатув мосламаларининг олиб ташланиши 2015 йилги ядровий келишувни қайта тиклаш учун «хавфли зарба» бўлиши мумкин. У бу қадам агентликнинг ядро объектлари кузатувини йўқотишини англатмаслигини таъкидлаган, аммо бу жараён яқин эканини айтган.