Иқтисод - 23:01 · 23.06.2022

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг ваколатларини ажратиш таклиф қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни электр энергетикаси корхоналари фаолиятини трансформация қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказгани хабар қилинганди. Ушбу йиғилишда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг ваколатларини ажратиш таклиф қилингани маълум бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Келтирилишича, мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли талаби тобора ўсиб, ёқилғи-энергетика тармоғи шунга мутаносиб модернизация қилинмоқда. Бу ишлар давлат раҳбарининг 2019 йил 27 мартдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистонда электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси асосида олиб борилмоқда.

Хусусан, собиқ «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти негизида электр энергияси ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва сотиш бўйича 3 та алоҳида тузилма ташкил этилди. 7 миллион истеъмолчи Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиб, аҳолидан тўлов ундириш 100 фоиз таъминланмоқда. Генерация соҳасида жами 7 миллиард долларлик 19 та қуёш, шамол ва иссиқлик электр станциялари қуриш бўйича лойиҳаларга хорижий инвесторлар жалб қилинган.

Шу билан бирга, соҳада рақобатни яратиш, энергия таъминотининг ҳажми ва сифатини ошириш бўйича ҳали қилинадиган ишлар кўп. Жумладан, энергетика тизимини модернизация қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун келгуси йилларда 20 миллиард долларга яқин инвестиция талаб этилади. Бунинг учун соҳада рақобатли бозорни шакллантириш ва хусусий инвесторларга шароитларни кенгайтириш зарур. Шу боис йиғилишда энергетика бозорини бошқариш бўйича янги тизим яратиш масалалари муҳокама этилган.

Хусусий генерация корхоналари уланиши учун тенг шароит яратиш мақсадида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг электр энергиясини ягона харид қилиш ва магистрал тармоқларни бошқариш ваколатларини ажратиш таклифи билдирилган. Бунда ягона харид қилувчи компания барча электр станцияларидан электр энергиясини шартнома асосида сотиб олиб, йирик корхона ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига сотади. Магистрал тармоқ оператори эса электр энергиясини етказиб бериш, йўқотишларни камайтириш ва энерготизимни техник бошқариш билан шуғулланади.

Аввалроқ Тожикистон ва Ўзбекистон электроэнергетика компаниялари 2022 йил баҳор–ёз мавсумида электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома имзолагани хабар берилганди. Унга кўра, Ўзбекистон ёзда ҳар бир киловатт/соат учун 2 центдан тўлаб, 1,4 миллиард киловатт/соат электр энергияси олади.

Bugun — LIVE