Жамият, Сиёсат, Таҳлил - 18:00 · 23.06.2022

Ўзбекистон ва Ғарб. Ҳамкорлик, борди-келдилар қандай давом этяпти?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон дунё ҳамжамиятига очилгани, ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатгани, улар томон интилаётгани бор гап. Бунга узоқдан мисол келтириш шарт эмас, чунки жараён ҳали ҳам давом этмоқда (тўхтамаслигига ҳам умид қиламиз). Охирги 3 ой давомида мамлакатга Ғарбдан кимлар, қайси делегациялар келди, Ўзбекистондан кимлар қаерга борди, кимлар билан гаплашди, хуллас, ривожланган давлатлар билан ривожланаётган муносабатларни қуйида кўриб чиқамиз.

АҚШ

2022 йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистонга АҚШ Сенати ва Вакиллар палатаси ижроия идораларининг етакчи ходимлари, шунингдек, Конгресснинг муҳим тегишли қўмиталар масъул вакиллари ташриф буюрди. «UN Foundation» дастури доирасида мамлакатга келган АҚШ делегацияси Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев билан учрашди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Учрашув давомида АҚШ Конгрессида 2018 йилда тузилганидан «Ўзбекистон бўйича кокус» натижасида икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари вакилларининг ўзаро ташрифлари ортгани алоҳида қайд этилиб, бу парламентлараро алоқаларнинг ижобий суръатда ривожланаётганидан дарак бериши таъкидланган.

Бундан ташқари, учрашувда махсус вакилнинг йўналиши — Афғонистон бўйича ҳам сўз борган. Конгресс ходимлари Ўзбекистон томонидан афғон халқига инсонпарварлик ёрдами (ушбу ҳаволада фақатгина улардан бири — «Bugun.uz» мухбири иштирок этган тадбирни кўриш мумкин, бу турдаги ёрдамлар қўшни давлатга кўп жўнатилади) кўрсатиш борасида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирларни юқори баҳолаган.

Бундан бир ойдан сал кўпроқ вақт ўтиб, 24 май куни АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дональд Лу ҳам Ўзбекистонга келди. У ташриф давомида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов билан учрашди. Унда АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда ислоҳотлар жараёнига фаол кўмаклашишга тайёрлиги таъкидланган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Лу ва Норов учрашуви давомида сўнгги йилларда сиёсий мулоқотнинг фаол тус олгани алоҳида қайд этилиб, йиллик маслаҳатлашувлар механизмини Стратегик шериклик мулоқотига айлантириш тўғрисидаги қарор қабул қилиниши ва унинг биринчи учрашуви 2021 йил Тошкентда ўтказилгани мисол қилиб келтирилган.

Йиғилишда минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган. Ўзбекистоннинг Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш, ушбу мамлакатда узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш ва унинг иқтисодий тикланишига ёрдам берадиган лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари давлат котиби бошчилигидаги делегация томонидан ҳам юксак баҳоланган.

Дональд Лу билан учрашувдан 3 кун ўтиб, 27 май куни ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Владимир Норов АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Вест билан учрашди. Мулоқот чоғида Америка томони Ўзбекистон томонидан Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш, афғон халқига гуманитар ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича юритилаётган сиёсатни юқори баҳолади.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Томонлар афғон халқини қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва тизимлаштириш зарурлигини қайд этди. Шу нуқтаи назардан, Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришда Термиз шаҳрида яратилган кўп функцияли транспорт-логистика хаби имкониятларидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

«Cotton Compaign» халқаро коалицияси шу йилнинг 10 март куни ўзбек пахтасига нисбатан узоқ вақтдан бери амалда бўлиб келган бойкотни бекор қилди. Бундан салкам бир ой ўтиб, 1 апрель куни (биз кўриб чиқаётган даврнинг боши) АҚШнинг Вашингтон штатида Американинг «Марказий Осиё ишлари бўйича Оксус жамияти» платформасида (The Oxus Society for Central Asian Affairs) «Cotton Campaign» халқаро коалицияси томонидан Ўзбекистон пахтасига бойкотнинг тугатилиши ва ўзбек тўқимачилик саноати истиқболларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Фото: «Bugun.uz»

Унда экспертлар Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнатни бутунлай тақиқлаш, ўзбек пахтасига бойкотнинг тугатилиши мамлакат раҳбариятининг қатъий сиёсий иродаси туфайли содир бўлганини қайд этди. Хусусан, Питсбург университетининг Менежмент ва бозорлар маркази директори Женифер Муртазашвили бу борада Президент сиёсий ирода намойиш этганини айтган.

«Пахта теримида болалар ёки мажбурий меҳнатдан фойдаланиш тарафдори бўлган ўзбекларни ҳеч қачон учратмаганман. Ҳамма унга чек қўйишни хоҳлади ва ҳамма биргаликда ишлади. Президент Шавкат Мирзиёев сиёсий иродани намойиш этган ҳолда бундай ҳаракатларга бутунлай чек қўйди», — деган Муртазашвили.

Европа ва Европа иттифоқи

Шу йилнинг 25 май куни Владимир Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Шарлотт Адриан билан музокаралар ўтказди. Адриан томонидан ҳам алоқалар фаоллашгани ижобий баҳоланган.

Фото: «Дунё» АА

Ташқи ишлар вазирлиги расмий ахборотига кўра, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасида рақамлаштириш, «яшил» иқтисодиёт, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши каби соҳаларда қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.

Бундан ташқари, ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш масалаларига бағишланган «Европа иттифоқи—Марказий Осиё» вазирлар учрашувини Самарқанд шаҳрида ўтказиш ва унга пухта тайёргарлик ишларини олиб боришга келишилган.

Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто 4 май куни Ўзбекистонга келиб, Владимир Норов билан учрашди. Мулоқот чоғида икки томонлама кун тартиби ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини ҳам шу йилда ўтказиш зарурлиги таъкидланган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Венгрия томони Ўзбекистоннинг минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш ва Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган. БМТ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани билдирилди.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси ва Афғонистон бўйича махсус вакиллари Исматулла Эргашев билан музокаралар ўтказди. Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер 17 май куни учрашган бўлса, мамлакатнинг Афғонистон бўйича Ммахсус вакили Яспер Вик эса 11 апрель куни Эргашев билан музокра ўтказган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Икки учрашувда ҳам Германия томони Ўзбекистоннинг Афғонистондан немис фуқароларини эвакуация қилиш борасида кўрсатган ёрдамига юксак баҳо бериб, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш масаласида Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада жадаллаштиришга тайёрлигини билдирилган.

Исматулла Эргашев 16 май куни Франция элчиси Орелия Бушез билан Афғонистон йўналишидаги Ўзбекистон–Франция муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, хусусан, Афғонистондаги мавжуд вазият муҳокама қилган. Унда афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасида икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Худди шундай муҳокамалар Норвегиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили Келл-Гуннар Эриксен билан видеоконференцалоқа шаклида ўтган учрашувда ҳам бўлган.

Фото: «Bugun.uz»

Умуман олганда, Афғонистон бўйича махсус вакилнинг хорижий ҳамкорлар билан деярли барча суҳбатида Ўзбекистоннинг БМТ шафелигида Ўзбекистон билан чегарадош Термиз шаҳрида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш мақсадида кўп функцияли транспорт-логистика хабини яратиш ташаббуси муҳимлиги ва ўз вақтида амалга оширилганини таъкидланган.

Бундан ташқари, Афғонистон бўйича учрашувлар фақатгина Ўзбекистонда эмас, бошқа давлатларда ҳам бўлиб ўтган. Хусусан, 31 май куни Олмаота шаҳрида Европа иттифоқи ва Марказий Осиёнинг Афғонистон бўйича махсус вакилларининг иккинчи учрашуви ўтказилди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили Лайонс, Европа иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакили Никлассон, Қозоғистон президентининг халқаро ҳамкорлик бўйича махсус вакили Казихон Ўзбекистоннинг Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш учун чегарадош Термиз шаҳрида кўп функцияли транспорт-логистика хабини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади, шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини алоҳида эътироф этди.

Тошкентда 27 май куни Ўзбекистон ва Финляндия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг ўнинчи давраси бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Шунингдек, унда таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, ўзаро ташрифлар, семинарлар, тренинглар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат таҳлилий марказлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилган.

Бу учрашувнинг эртасига, 18 май куни бўлиб ўтган Исроил туризм вазири билан Владимир Норовнинг учрашувида Ўзбекистон–Исроил ҳамкорлигининг турли соҳалардаги долзарб масалалари муҳокама қилиниб, савдо-иқтисодий соҳадаги алоқаларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Исроил томони Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни юқори баҳолаган. Шунингдек, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, мамлакат туризм саноатини ривожлантириш, сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар турларини такомиллаштириш ва кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар кўриб чиқилган.

Буюк Британия

Афғонистон бўйича махсус вакил Исматилла Эргашев 14 апрель куни Буюк Британиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили Найжел Кейси билан музокаралар ўтказди.

Фото: «Bugun.uz»

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, шунингдек, мамлакатга тезкорлик билан гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.

Дипломат Ўзбекистоннинг Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш, жумладан, ушбу мамлакатга иқтисодий ёрдам кўрсатишдаги муҳим ролини алоҳида таъкидлаган.

Халқаро ташкилотлар

ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Польша ташқи ишлар вазири 3 июнь куни ўзининг Ўзбекистондаги лавозимдоши билан учрашди. Збигнев Рау бошчилигидаги делегация мезбон томон билан учрашувда Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистон–Польша муносабатларини янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Учрашувда илғор технологиялар ва инновацияларни жалб этиш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш ва Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш, шунингдек, демократик институтларни ривожлантириш, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилгани айтилган.

Польшалик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга инвестиция киритиш ва савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатишга қизиқиши ортгани туфайли Польшанинг етакчи компаниялари делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкиллаштириш юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад билан учрашув ўтказди. Жаҳоннинг бош ҳалқаро ташкилоти делегацияси таркибида учрашувда БМТ Европа иқтисодий комиссияси раҳбари Олга Алгаерова ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астхана ҳам иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Делегация раҳбари Ўзбекистон етакчисига ташкилот бош котиби Антониу Гутерришнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Таъкидланганидек, БМТ Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган очиқ ва прагматик сиёсатни, шунингдек, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ҳамда 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасидаги глобал кун тартибининг асосий вазифаларига тўлиқ мос бўлган туб ислоҳотлар дастурини юксак баҳолайди.

Учрашувда фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш, Ўзбекистонда барқарор ривожланишнинг, энг аввало, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва фаровонлигини юксалтиришга қаратилган асосий мақсадлари ижросини таъминлаш учун ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институт ва тузилмалари билан кенг кўламли ҳамкорлигини қабул қилинган «йўл харита»лари асосида янада ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилган.

Bugun — LIVE