Иқтисод - 22:25 · 23.06.2022

Ўзбекистонда электр энергиясини сотадиган хусусий компаниялар ташкил этилади

Ўзбекистонда электр энергиясини сотадиган хусусий компаниялар ташкил этилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни электр энергетикаси корхоналари фаолиятини трансформация қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказган. Унда 2023 йилда 14 та туман ва шаҳарда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга муқобил тарзда, истеъмолчиларга электр энергиясини сотадиган хусусий чакана электр савдо компаниялари ташкил этилиши таъкидланган.

Шунингдек, тармоқ раҳбарларига трансформация жараёнини жадаллаштириш, корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қила оладиган компанияларга айлантириш кераклиги таъкидланган. Соҳа корхоналарининг операцион харажатларини оптималлаштириш, электр узатиш тармоқларини янгилаш бўйича ҳам топшириқлар берилган.

Ҳукумат ва соҳа раҳбарларига ушбу ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Аввалроқ Ўзбекистон электр энергияси сотиб олиш бўйича Тожикистоннинг асосий харидоридан бири бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистонда фойдаланилган электр энергиясининг 200 кВтдан ортган қисми учун 7500 сўмдан тўлов қилиниши тўғрисида хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Энергетика вазирлиги хабар юзасидан муносабат билдирганди.

Bugun — LIVE