Жамият - 20:24 · 23.06.2022

Ўзбекистонда «Omicron» штаммининг янги мутациядаги варианти аниқланди

Ўзбекистонда «Omicron» штаммининг янги мутациядаги «Stealth-Omicron» BA.2 варианти топилди. Бу ҳақда  Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевга таяниб, «ЎзА»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Республикада ушбу штамм аниқланиб, хозирги кунда коронавирус инфекцияси билан касалланишда ушбу штаммнинг учраётгани кузатилмоқда.

«Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар марказида вирус геномини ўрганиш (секвенлаш) бўйича ўтказилган таҳлилларда 67 фоизида ‘Omicron’ ва 33 фоизида ‘Omicron’ штаммининг янги мутациядаги ‘Stealth-Omicron’ BA.2 варианти топилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси бўйича вазият барқарорлиги таъминланиб келинмоқда. Лекин ўтган икки йил давомида айнан июль-август ойларида касалланиш кўтарилганлиги қайд этилган. Шунинг учун коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ва бустер дозаси билан қайта эмлаш ишларини жадаллаштириш катта аҳамиятга эга», — деган Баҳодир Юсупалиев.

Аввалроқ дунё бўйлаб коронавирусга чалиниш кўрсаткичи яна ошгани сабабли Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига мурожаат билан чиққанди. Шунингдек, Ўзбекистонда коронавирусдан касалланиш ва ўлимлар сони ортгани хабар қилинган.

Bugun — LIVE