Жамият - 19:12 · 23.06.2022

Ўзбекистонда қанча маҳаллада боғча йўқлиги маълум бўлди

Мактабгача таълим вазирлигида 22 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида мактабгача таълим соҳасида ҳал этилиши лозим бўлган долзарб муаммолар борасида маълумот берилди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, анжуман давомида соҳадаги бир қатор камчиликлар санаб ўтилган. Хусусан, республикада 1,1 мингга яқин МФЙда мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд эмас. Бундан ташқари, мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг ойлик маошлари пастлиги кадрлар қўнимсизлигини келтириб чиқармоқда, шунингдек, тажрибали кадрларни жалб этиш имкониятларини пасайтирмоқда.

Таъкидланишича, олий тоифадаги тарбиячининг базавий тариф ставкаси 1,8 миллион сўмни, биринчи тоифадаги 1,7 миллион сўмни, иккинчи тоифадаги 1,57 миллион сўмни ва олий маълумотли тарбиячининг базавий тариф ставкаси 1,45 миллион сўмни ҳамда ошхона ошпазининг иш ҳақи миқдори 909 минг сўмни ташкил этади.

Шу билан бирга, анжуман давомида Мактабгача таълим вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва унинг аъзолари ҳам таништирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги айрим боғчаларга болани 2 ёшдан қабул қилишга рухсат берилиши ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE