Иқтисод - 9:10 · 23.06.2022

Польшада терим ишларида украиналикларни ўзбеклар билан алмаштириш таклиф қилинди

Польша парламенти депутати ва маҳаллий мева ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси президенти Мирослав Малишевский терим ишларида украиналикларни ўзбеклар билан алмаштиришни таклиф қилди. Бу ҳақда «Wiadomosci ze swiata» хабар берди.

Фото: «РБК-Украина»

Унинг айтишича, украиналикларнинг ҳарбий хизматга чақирилаётгани сабаб мамлакатни тарк этиши тақиқлангани фонида Польшада резавор меваларни йиғиш билан боғлиқ вазият ишчиларнинг етишмаслиги туфайли ёмонлашмоқда.

«Ишчилар етарли эмас. Биринчи ўринда, юк машинаси, трактор ҳайдаш, ўғит сепиш каби оғирроқ ишларни ўз зиммасига оладиган эркаклар етишмаяпти», — дейди депутат.

Унинг сўзларига кўра, кўплаб деҳқонлар резаворлар чириб кетаётганидан, истеъмолчилар эса нархларнинг ҳаддан ташқари қимматлигидан шикоят қилмоқда. Шу боис ҳозир поляклар ўзбек ишчиларини Польшага жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

«Ҳозир Россиядаги инқироз туфайли тўрт миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ўз юртига қайтган, энди улар ишсиз ва Полшага келишга тайёр», — деган у.

Аввалроқ Россияда юқори малакали чет элликлар муддатсиз яшаш учун рухсатнома олиши мумкин бўлиши хабар берилганди.

Bugun — LIVE