Жамият, Қашқадарё - 23:16 · 23.06.2022

Қашқадарёда 4 ёшли бола номаълум касалликдан вафот этгани хабар қилинди

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 4 ёшли бола номаълум касалликдан вафот этгани хабар қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Келтирилишича, туманда 4 ёшли бола номаълум касалликдан вафот этгани, айни пайтда унинг 6 ёшли оила аъзоси ҳам оғир аҳволда жонлантириш бўлимида ётгани, шифокорлар уларга ташхис қўя олишмагани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалган.

Унда айтилишича, тумандаги врачлар бемор болага ташхис қўя олмаган. Бунинг оқибатида тўрт ёшли ўғил бола 20 июнь куни вафот этган. Шу оиланинг яна бир аъзоси — олти ёшли қизалоқ оғир аҳволда жонлантириш бўлимида ётибди.

Оила аъзолари қизча кеча ўйнаб юрганини, ҳеч нима безовта қилмаганини айтган. Бироқ у қандай дардга йўлиққанини вилоят, ҳатто Самарқанддан чақирилган мутахассислар ҳам аниқ айта олмаган.

«Шундай пайтда туман, вилоят оёққа турмайдими?! Республикадан мутахассис чақиртирмайдими? Ёки камбағалнинг боласи ўлиб кетаверадими? Қани Президентнинг олдида қўлини кўксига қўйиб, керак бўлса касал болани кўтариб оладигандай турган соғлиқни сақлаш тизимиз мутасаддилари?» — деган болаларнинг яқини Фазлиддин Абилов.

Таъкидланишича, мазкур ҳолатни ўрганиш ва вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан малакали профессор-шифокорлардан иборат  маxсус тиббий бригада тузилиб, зудлик билан Ғузор туманига юборилган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳолатни ўз назоратига олган. Ўрганиш натижалари ҳақида батафсил маълумот берилади», дейилади хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистонда маймунчечак инфекцияси қайд этилмаганини маълум қилганди. Қўшимча қилинишича, Ўзбкистонда ҳозирга қадар маймунчечак касаллиги қайд этилмаган. Айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб бу инфекциянинг мамлакатга кириб келмаслиги учун зарур чоралар кўрилмоқда.

Bugun — LIVE