«Тўпаланг» сув омбори атрофида яшовчилар эвакуация қилинаётгани рад этилди
Сариосиё ҳокимлиги ва ФВВ ҳолат бўйича Bugun.uz’га маълумот берди
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган «Тўпаланг» сув омборидан чиқаётган сув 22 июнь куни кескин кўтарили ҳақида хабар берилганди. «Bugun.uz» таҳририятига 23 июнь куни сув омборига яқин ҳудудларда яшовчи аҳоли эвакуация қилинаётгани тўғрисида хабар келиб тушди.

Нашр журналисти ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Сариосиё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати билан боғланди. Таъкидланишича, шахси аниқланмаган 2–3 киши тумандаги Янгиҳаёт маҳалласида уйма-уй юриб, эвакуация жараёни бошлангани тўғрисида хабар тарқатган.
«Бунинг оқибатида аҳоли орасида сув омборининг иккинчи дарвозаси ёрилибди, деган миш-мишлар тарқалган. Кечадан бери ваҳима остида бўлган аҳоли анча тинчлантиргандик. Кейинчалик бу хабар қайтадан тарқалиб, яна ваҳима уйғонди.
Шу билан бирга, интернетда обуначи йиғишга интиладиганлар кўп, кимдир умуман бошқа сув омборидан сув тошиб чиқаётгани акс этган видеони ‘Тўпаланг’ деб жойлаб юборган. Аслида у фейк хабар», — дейди ҳокимлик матбуот котиби.
Ўз навбатида, «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ижтимоий тармоқда тарқалган видео юзасидан муносабат билдирган. Қайд этилишича, тармоқда юқори босимдаги сув ташламаси акс этган видео жойлаштирилиб, ушбу ҳолат «Тўпаланг ГЭС» иншоотида содир бўлмоқда деб изоҳ ёзилган. Мазкур хабар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди.
Маълум бўлишича, «Тўпаланг ГЭС»нинг ён қисмида фаввора кўринишида акс этаётган сувнинг чиқиши станциянинг босимли сув қувури орқали меъёрий қўшимча сув сальт ташламаси иншооти ҳисобланади. Ҳозирда сув сальт ташламаси орқали дарё ўзанига йўналтирилмоқда.
«Мазкур иншоот орқали ортиқча сувни дарё ўзанига йўналтирилиши сальт ташлама иншооти учун нормал ҳолат ҳисобланади. Аҳолидан бу вазиятдан ортиқча саросимага тушиш ва ваҳимага берилмасликни сўраймиз», дейилади хабарда.
Шундан сўнг «Bugun.uz» Сариосиё туманидаги «Тўпаланг» сув омбори атрофидан аҳоли эвакуация қилинаётгани тўғрисидаги хабарга аниқлик киритиш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби билан боғланди.
«Ҳозирга қадар ҳудуддаги аҳоли эвакуация қилинаётгани тўғрисида хабар келиб тушмади. Сув омбори ҳудудида ҳолат барқарор, ваҳимага ўрин йўқ», — дейди Мурод Содиқов.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекгидроэнерго» 22 июнь куни «Тўпаланг» сув омбори тўғони сув қўйиб юборгани ва атрофни сув босгани тўғрисидаги асоссиз деб атаганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса омборнинг мустахкамлигига зиён етмагани ва ҳозирда чиқарилаётган сув хажмини камайтириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилганди.
Мавзуга доир: «Тўпаланг ГЭС»да тўполон: нималар бўлди?
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сув омбори ҳудудига бориб, у ердан сариосиёликларга мурожаат қилганди. Боболов сув омборида бўлиб, ҳақиқий ҳолатга изоҳ берган ва ваҳимага ўрин йўқлигини таъкидлаган. Маълум бўлишича, омбор тўғонига ҳеч қандай талофот, шикаст етмаган.