Хитой раиси Украинадаги урушга муносабат билдирди
Си Цзиньпин урушнинг юзага келиш сабабини айтган
Хитой раиси Си Цзиньпин Украинадаги уруш инсоният учун огоҳлантириш бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда «ABC News» хабар берди.

Пекин Москванинг 24 февраль куни Украинага бостириб киришини қораламаган ва Украина билан муносабатларини сақлаб қолишга интилаётган бўлса ҳам, Ғарбнинг Россияга қўйган санкцияларини танқид қилган.
«Украина инқирози яна инсоният учун сигнал берди. Агар давлатлар ўз кучларига кўр-кўрона ишонса, ҳарбий иттифоқларни кенгайтирса ва ўз хавфсизлигини бошқалар ҳисобига қидирса, албатта, хавфсизлик билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келади», — деган Си Цзиньпин.
Бразилия, Ҳиндистон ва Жанубий Африка ҳам Москвани Украинага бостириб киришини очиқдан-очиқ қораламаган. Хитой раиси санкцияларни «бумеранг ва икки қиррали қилич» деб таърифлаган. Бу «ўзининг ва бошқаларнинг манфаатларига зарар етказиш» эканини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Украинадаги урушни тўхтатиш йўлини маълум қилганди. Шунингдек, Хитой раиси АҚШ, Россия ва NATO’га мурожаат қилганди.