Жаҳон - 7:37 · 24.06.2022

Буюк Британия ҳукумати фавқулодда ҳолат эълон қилди

Буюк Британия ҳукумати канализация намуналарида инсонларда полиомиелитни келтириб чиқарадиган юқумли полиовирус аниқлангани учун миллий масштабда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда «Naked Science» хабар берди.

Фото: «Publica»

Вирус намуналари Лондон атрофида жойлашган Бектон туманидаги оқава сувларни тозалаш иншоотида олинган. У 2-тоифа полиовирус (VDPV2) вакцинасидан келиб чиққани аниқланган.

«Вакцинадан олинган полиовирус эмланиш даражаси паст бўлган ҳудудларда кенг тарқалиши мумкин. Камдан кам ҳолларда у тўлиқ эмланмаган одамларда фалажга олиб келади», дейилади ЖССТ баёнотида.

Вирус хориждан келган одам орқали канализацияга тушган бўлиши мумкинлиги, хасталик Покистон, Афғонистон ва Нигерияда бартараф этилмагани таъкидланган.

Агар келажакда вируснинг кўпроқ намуналари аниқланса, у ҳолда фавқулодда ҳолатнинг навбатдаги даражаси эълон қилиниши мумкин. Унинг доирасида одамларнинг маълум гуруҳлари эмланади ва полиомиелит вируси аниқланган ҳудудлардан тестлар олинади.

Бу сўнгги ойларда Буюк Британияда полиомиелит вируси аниқланган иккинчи ҳолат бўлиб, биринчи ҳолат 1984 йилда қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Байден АҚШда фавқулодда ҳолат жорий қилганди. Бунга мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларининг тақчиллиги сабаб бўлган.

Bugun — LIVE