Жиззахда «Жигули»нинг газ баллони портлаб кетди — фото
Вилоят ФВБ ҳодиса сабабини маълум қилди
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида 23 июнь куни «Жигули» автомобилининг газ баллони портлаб кетди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳодиса соат 15:00 атрофида туманнинг Совунгарлик МФЙдаги автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциясида содир бўлган. Аниқланишича, «Ваз-2106» русумли машинага газ тўлдириш жараёнида баллон портлаб кетган.

Оқибатда ҳеч ким жабрланмаган, бошқа транспорт воситаларига зарар етмаган. Дастлабки суриштирувга кўра, транспорт воситасидаги носозлик бахтсиз ҳодисага сабаб бўлган. Суриштирув ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ Сирдарёда «Nexia-3»нинг газ баллони портлаб кетганди. Оқибатда машина буткул яроқсиз ҳолга келган.