
«Мени Америкага ишлайди ёки ‘Госдеп’дан пул олади деб гапиришади» — Зафар Солижонов
Ҳуқуқшунос, блогер Зафар Солижонов Америка ва Европадан пул олиши ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берди. Блогер бу ҳақда «Bugun.uz» билан суҳбатда гапириб ўтган.

Унинг айтишича, ўзи ҳақида айтилаётган бундай миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Блогернинг таъкидлашича, агар бундай иш қилганида Тошкентда ҳалигача ижарада яшаб юрмаган бўларди.
«Америкага ишлайди, ‘Госдеп’дан пул олади, Европадан пул олади дейишади. Қўрқмасдан айта оламан: Мен шу пайтгача уларни бизни давлатчилигимизга, сиёсатимизга қарши бўлган тарафидан пул олмаганман. Ва ўзим айни вақтда Тошкентда 320 доллар пул тўлаб ижарада яшайман. Тушуняпсизми? Менинг уйим йўқ ҳали. Мен қандай Америкадан пул олишим мумкин? Бир йилда 30–40 минг доллар ташлаб юборишса керак агар ишлайдиган бўлсам. Уй олган бўлардим», — деган Зафар Солижонов.
Шунингдек, блогер ҳеч қачон ўзи нотўғри деб ўйлаган, позициясига тўғри келмайдиган нарсани тўғри деб ёзмаганини таъкидлаган.
Аввалроқ Зафар Солижонов Ўзбекистонга 100 нафар Расул Кушербаев каби депутатлар керак эканини таъкидлаганди.



