Наманганда ҳайдовчиси ухлаб қолган юк машинаси трейлерга урилди — фото
Наманган вилояти Поп тумани йўлида икки юк машинаси тўқнашгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди. Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Таъкидланишича, 4Р-112 Фарғона ҳалқа йўли автомобиль йўлининг 25-километрида ҳаракатланиб кетаётган юк автомашинаси ҳайдовчиси ухлаб қолиши оқибатида светафорнинг қизил чироғида тўхтаб турган трейлернинг орқасига урилган.

Ҳодиса оқибатида юк автомашинаси ҳайдовчиси бош мия жароҳати билан Поп туман шифохонасига ётқизилган. Трейлердаги 9 та «Damas» техник шикастланган. Ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Ҳурматли ҳайдовчилар, ҳаракат вақтида ҳушёрликни йўқотманг! Чарчоқ аломатлари сезилганда, автомашинани тўхтатиб, бироз дам олинг!» дейилган хабарда.
Аввалроқ Тошкентда «Lacetti» бошқарувни йўқотиб, йўл ўртасидаги ёритиш устунига бориб урилганди. Шунингдек, Фарғонада юк машинаси ағдарилиб кетиб, йўл четидаги 3 та машинага урилгани хабар қилинганди.




