Ўзбекистонда педагогика йўналишида 10 та ОТМ ташкил этилади
Уларда ҳар йили 5 фоиз профессор-ўқитувчилар хорижга малака оширишга юборилади
«Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» хабар берди.

Қарор билан тегишли ОТМ ҳамда уларнинг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида қуйидагилар ташкил этилади:
- Урганч давлат педагогика институти;
- Наманган давлат педагогика институти;
- Гулистон давлат педагогика институти;
- Ўзбекистон–Финляндия педагогика институти;
- Андижон давлат педагогика институти;
- Бухоро давлат педагогика институти;
- Термиз давлат педагогика институти;
- Шаҳрисабз давлат педагогика институти;
- Чирчиқ давлат педагогика университети;
- Жиззах давлат педагогика университети.
2022/2023 ўқув йилидан:
- мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимда фойдаланиладиган дарсликлар ҳамда методик қўлланмаларни педагог кадрлар тайёрловчи ОТМга уларнинг талабномасига мувофиқ пулли асосда тақдим этиш тартиби жорий қилинади;
- педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ кундузги таълим шаклида ўқиётган 2–4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари «4+2» тартибида (дарсларнинг 4 куни ОТМда, 2 куни мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида) олиб борилади.
Ҳар йили педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ ихтисослик кафедраларининг камида 5 фоиз профессор-ўқитувчиларини хорижга танлов асосида малака ошириш ва стажировкага юбориш чоралари кўрилади.
Аввалроқ Самарқандда ўзбек-фин педагогика институти ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон университети қурилиши билан танишган.