Жамият - 10:07 · 24.06.2022

Шавкат Мирзиёев «BRICS+» форматидаги саммитда иштирок этади

Шавкат Мирзиёев Хитой халқ республикаси раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 24 июнь куни, «BRICS+» форматидаги Глобал ривожланиш масалалари бўйича юқори даражали мулоқотда иштирок этади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишчиа, Хитойнинг раислигида онлайн шаклда ўтказиладиган тадбирда «BRICS» гуруҳи мамлакатлари – Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африканинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, Аргентина, Индонезия, Жазоир, Малайзия, Миср, Эрон, Қозоғистон раҳбарлари ҳам иштирок этади. Жами 18 та мамлакат делегациялари қатнашиши кутилмоқда.

Форумда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш борасидаги глобал шерикликни мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган. Энг аввало «яшил» иқтисодиёт, юқори технологиялар, инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ва логистика, гуманитар алмашинув соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида барқарор ривожланиш мақсадларига биргаликда эришишда кенг халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтади. Таъкидланишича, янги «BRICS+» формати «BRICS»гуруҳига аъзо давлатларнинг бошқа етакчи ривожланаётган мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган.

Форум ўзаро савдо ва инвестицияларни илгари суриш, илғор технологиялар ва билимларни трансфер қилиш, кооперация алоқаларини ва транспорт-коммуникация боғлиқлигини ривожлантириш, хавфсизлик соҳасида конструктив мулоқотни мустаҳкамлашда катта ўрин тутади.

«BRICS» мамлакатларида 3 миллиарддан зиёд аҳоли истиқомат қилади, уларнинг ҳиссасига жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 25 фоизга яқини, глобал савдонинг қарийб 20 фоизи ва тўғридан-тўғри инвестицияларнинг 25 фоизи тўғри келади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти билан Хивага боргани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE