Жаҳон - 15:40 · 24.06.2022

Украинанинг ЕИга номзод бўлишида муҳим роль ўйнаган шахс маълум қилинди

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши учун номзод мақомини олишида муҳим роль ўйнаган шахсни маълум қилди. Бу ҳақда «УНИАН» хабар берди.

Фото: «Delfi»

Дипломатнинг сўзларига кўра, бунда Франция президенти Эммануэль Макроннинг ўрни муҳим бўлган.

«Шубҳада бўлганлар рўйхати аввалдан маълум эди. Булар Голландия ва Дания, Швеция, Португалия — уларнинг барчаси маълум бир тасаввурга эга эди. Германия ҳам бу лагерда эди. Франция президенти Эммануэль Макрон жуда муҳим роль ўйнади. Шуни таъкидлаш керакки, айнан Франция президентлиги бошчилигида бу қарор қабул қилинган», — дейди Кулеба.

Унинг сўзларига кўра, Макрон ва Германия, Италия, Руминия раҳбарларининг Киевга ташрифи бурилиш нуқтаси бўлган. Бундан олдин, Кулебанинг таъкидлашича, вазият жуда заиф эди.

Европа Иттифоқига номзод мақоми

Украина президенти Владимир Зеленский 28 февралда мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш тўғрисидаги аризасини имзолаган. 17 июнь куни Еврокомиссия Европа кенгашига Украинага ЕИ аъзолигига номзод мақомини беришни тавсия қилган. Европа кенгаши 23 июнда Украинага Европа иттифоқига аъзоликка номзод мақомини берди. Молдова ҳам бу мақомни олган.

Украина учун ЕИ номзоди мақоми иттифоққа аъзо бўлиш жараёнини расман бошлайди. Мамлакатнинг ЕИ дастурлари ва ташаббусларида иштирок этиши учун йўл очади. Шунингдек, у бошқа аъзо мамлакатларда бўлгани каби украиналикларнинг турмуш даражаси, фаровонлиги ва ҳуқуқий ҳимояси учун шароит яратишда асос бўлади.

Аввалроқ Украина Россия билан музокаралар бошланадиган муддатни маълум қилганди. Шунингдек, Лавров Россия Украинага бостириб кирмаганини таъкидлаганди.

Bugun — LIVE