Андижонда Қирғизистонга 1 млн долларни ноқонуний олиб чиқиб кетаётган эркак ушланди
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари 22 июнь куни Андижонда 1 миллион долларнинг Қирғизистонга ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйди.

Маълум бўлишича, пуллар Пахтаобод туманидан ўтувчи ўзбек-қирғиз давлат чегараси ҳудудида хизмат ўтаётган ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан тўхтатиб қолинган. Хусусан, шу туманда яшовчи фуқаро А.Д. иккита полиэтилен қопда бўлган 1 миллион долларни Қирғизистонга ноқонуний ўтказмоқчи бўлган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманганда салкам 11 минг доллар қалбаки пулни муомалага чиқармоқчи бўлганлар ушланганди. Шунингдек, ДХХ Тожикистонга 356 минг долларни ноқонуний олиб кетаётган 2 аёлни ушлагани ҳақида хабар берилган.



