Бугун оқшоми. Геморрагик иситмадан вафот этгани тахмин қилинаётган қашқадарёлик болалар, полиетилен қопда Қирғизистонга олиб ўтилаётган 1 млн доллар, Тайван ортидан муносабати кескинлашган Хитой ва АҚШ

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистон Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини юборди. Бу сафар зилзила оқибатида жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Ташқи ишлар вазирлиги ахборотига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур предметлар ва медикаментлардан иборат жами 74 тонна юк ортилган самолёт Афғонистонга жўнаб кетган.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг Кобул, Ғазни, Лўгар, Пактика, Хост ва Лағмон вилоятларида 22 июнга ўтар кечаси 6,1 балли зилзила содир бўлган. Унинг кучи Ўзбекистонга ҳам сезилган. «Толибон» расмийлари тунда содир бўлган зилзила сўнгги йигирма йил ичида энг ҳалокатлиcи бўлганини айтган. Ҳаракат расмийси зилзила сабаб халқаро ташкилотлардан ёрдам сўраган.

Фото: «Tolo news»

Ўз навбатида, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги кучли зилзила қурбонларининг оилала аъзоларига ҳамдардлик билдирган. Ҳукумат табиий офатнинг фожиали оқибатларини имкон қадар тез бартараф этишда биродар Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлаган.

Қашқадарёда номаълум касалликдан вафот этган икки боланинг ўлимига геморрагик иситма сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Қашқадарёда 4 ёшли бола номаълум касалликдан вафот этгани хабар қилинганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат бўйича ўрганиш натижаларини маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

2019 йилда туғилган А.Н. (ўғил бола) 20 июнь куни соат 9:40 ларда Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси болалар реанимацияси бўлимига ўлимолди ҳолатида олиб келинган. Болага юқори нафас йўллари яллиғланиши, гипертермик ва талваса синдроми, токсик энцефалопатия, бош мия шиши, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, ДВС синдроми, карахтлик 2-даражаси ташхиси қўйилган. Кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, шифохонага олиб келинганидан 1 соату 10 дақиқа ўтиб, болада биологик ўлим қайд этилган.

22 июнь куни соат 23:05 да Ғузор туман тиббиёт бирлашмасига 2016 йилда туғилган А.Г. (қиз бола) ҳам ўта оғир аҳволда ётқизилган. У 20 июнь куни вафот этган А.Н.нинг яқин қариндоши бўлган. Бу беморга юқори нафас йўллари яллиғланиши, вирусли интенциал синдром, токсико инфекцион шок, ДВС синдроми, гемолитик уремик синдром, ўткир буйрак етишмовчилиги анурия босқичи, токсик энцефалопатия, мия шиши, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Беморни даволаш учун болалар реаниматологи, болалар невропатологи, гематолог, нефролог, токсиколог ва инфекционист мутахассислар жалб қилинган. Бироқ кўрилган даво чораларига қарамасдан, бемор 24 июнь соат 04:00 лар атрофида вафот этган.

Фото: «Bugun.uz»

Аниқланишича, А.Н. ва А.Г. бир дарвозадан кириладиган икки ҳовлида яшаган. Болалар бирга ўйнаган, баъзан бирга овқатланган. Улар билан контактда бўлган 9 киши профилактика мақсадида изоляцияга олиниб, эҳтиёт чораси сифатида ўта хавфли инфекцион касалликларга лаборатор таҳлиллар ўтказилган.

Натижада айни пайтда 2018 йилда туғилган А.А.да геморрагик иситма гумон қилинмоқда. Шу боис унинг қон таҳлилларини якуний текшириш ва хулоса бериш учун Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Вирусология илмий-тадқиқот институти лабораториясига юборилган. Бу жараён эса маълум вақт талаб қилади.

Маълумот учун, геморрагик иситма, асосан, майда кемирувчилардан, ҳашарот(кана)лардан одамга турли йўллар билан юқади. Эҳтиёт чораси сифатида зарур эпидемиологик тадбирлар бошланган. Беморлар яшаган хонадонда профилактик дезинфекциялаш ишлари ўтказилган. Уйдаги ичимлик сақланадиган ҳовуздан лаборатор текширув учун намуна олинган.

«Ёшлар куни» тадбирлари доирасида ўтказиладиган «Янги нафас» ёшлар марафони муносабати билан 25–26 июнь кунлари пойтахтдаги бир неча кўчалар вақтинча ёпилади.

Унга кўра, 25 июнь куни соат 18:00 дан 26 июнь куни соат 10:00 гача қуйидаги кўчалар ёпиқ бўлади:

Афросиёб кўчаси–Ислом Каримов шоҳ кўчаси билан кесишган чорраҳадан Бешёғоч кўчаси билан кесишган чорраҳагача.

Фото: «Bugun.uz»

26 июнь куни соат 6:30 дан соат 9:00 гача:

  • Шароф Рашидов шоҳ кўчаси–Афросиёб кўчаси билан кесишган чорраҳадан Ислом Каримов шоҳ кўчаси билан кесишган чорраҳагача;
    Ислом Каримов шоҳ кўчаси–Шароф Рашидов шоҳ кўчаси билан кесишган чорраҳадан Афросиёб кўчаси билан кесишган чорраҳагача.

Ўзгача Андижон: Қирғизистонга 1 миллион долларни ноқонуний олиб чиқиб кетаётган эркак ушланди, тадбиркор МИБ ходимига бензин сепиб, ёқиб юборишга урингани айтилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари 22 июнь куни Андижонда 1 миллион долларнинг Қирғизистонга ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйди. Пахтаобод туманида яшовчи фуқаро иккита полиэтилен қопда бўлган 1 миллион долларни (агар шунча пул сўмда бўлганда нечта қоп, йўқ, тўғрироғи, нечта юк машинаси керак бўларди?) Қирғизистонга ноқонуний ўтказмоқчи бўлган вақтида қўлга олинган.

Фото: Telegram

Ҳозирда мазкур фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 11 мартдаги кредит қарздорлиги ва давлат божини ундириш тўғрисидаги қарори бўйича юритилган иши юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилган. 2022 йилнинг 14 июнь куни Хонобод шаҳри Шифобахш кўчасида жойлашган шифохона биносига келган МИБ шаҳар бўлими бошлиғи ва банк ходимларига нисбатан икки нафар фуқаро қўпол муносабатда бўлган. Улар фуқаролар тинчини бузиб, жанжал кўтариб, безорилик ҳаракатларини содир этган.

Кадр: Telegram

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хўш, оламда нима гап?

Хитой АҚШ самолётининг Тайван узра парвоз қилганига норозилик билдирди.

Фото: «OrissaPOST»

АҚШнинг «П-8А Posiedon» ҳарбий самолёти Тайван бўғози узра парвоз қилди. Расмий Пекинга кўра, бу минтақадаги тинчлик ва барқарорликка зиён етказади.

«Қўшма Штатларнинг бундай ҳаракатлари қасддан аралашув ва минтақадаги вазиятни беқарорлаштириш ҳисобланади. Бу Тайван бўғозидаги тинчлик ва барқарорликка зарар етказишни англатади. Хитой кескин қаршилик қилади», — деган Хитой армияси Шарқий ҳудуди жанговар қўмондони Ши Йи.

У мамлакат қўшинлари доимо юқори жанговар шай ҳолатда бўлиб, давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилишини таъкидлаган. Пекин АҚШ билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида, Тайван бўғозида мунтазам равишда машғулотлар ўтказади.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу халқаро террорчилар етакчилари Афғонистондан қўшни давлатларга кириб бориш учун база сифатида фойдаланмоқчилигини айтди.

Фото: «Звезда»

Шойгу 24 июнь куни Россия ва Марказий Осиё давлатлари йиғилишида бу ҳақда гапирган.

«Халқаро террорчилар етакчилари Афғонистон ҳудудини қўшни давлатларга кириб бориш ва жиҳодчиларнинг кенг тармоғини яратиш, жумладан, жангариларни қайноқ нуқталардан олиб ўтиш йўли билан тўлдириш учун база сифатида фойдаланмоқчи», — деган у.

Шойгунинг таъкидлашича, минтақада диний радикализм мафкураси, наркотик моддалар савдоси ва трансчегаравий жиноятлар тарқалмоқда.

У минтақадаги террорчилик ташкилотларига қарши курашиш бўйича умумий ёндашувларни шакллантириш учун Марказий Осиё давлатлари ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлигини айтган. Россия мудофа вазири мамлакатлар ўртасидаги кўп йиллар давомида шаклланган ишончли мулоқот ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва такомиллаштиришга хизмат қилишига умид билдирган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Афғонистонда сув тошқинидан 31 киши ҳалок бўлди — фото
Жаҳон, Фотогалерея17:31 | 16.8.22
Афғонистонда сув тошқинидан 31 киши ҳалок бўлди — фото
Андижонда банкнинг собиқ ходимлари банкомат пулларини ўзлаштиргани аниқланди
Андижон, Жамият17:02 | 16.8.22
Андижонда банкнинг собиқ ходимлари банкомат пулларини ўзлаштиргани аниқланди
Гулнора Каримованинг жиноий активларини Швейцариядан қайтариш бўйича якуний битим имзоланди
Жамият16:15 | 16.8.22
Гулнора Каримованинг жиноий активларини Швейцариядан қайтариш бўйича якуний битим имзоланди
Путин Пелосининг Тайванга ташрифига муносабат билдирди
Жаҳон15:12 | 16.8.22
Путин Пелосининг Тайванга ташрифига муносабат билдирди
Тошкентда қўлга олинган Туркия фуқароси экстрадиция қилинди
Жамият15:11 | 16.8.22
Тошкентда қўлга олинган Туркия фуқароси экстрадиция қилинди
Россия Украинадаги урушда ядро қуролидан фойдаланадими?
Жаҳон14:37 | 16.8.22
Россия Украинадаги урушда ядро қуролидан фойдаланадими?