NASA сайёралар парадини намойиш қилди — фото
АҚШ Миллий Аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш бошқармаси (NASA) 23 июндан 24 июнга ўтар кечаси бўлиб ўтган сайёралар паради суратини намойиш этди.

Тасвирда осмонда бир ёй бўлиб тизилган Меркурий, Венера, Марс, Юпитер ва Сатурнни кўриш мумкин. Уларнинг ёнида Ернинг табиий йўлдоши Ой ҳам акс этган.

Таъкидланишича, кейинги сафарги парад 2040 йилда кузатилиши мумкин. Қуёш тизимининг 5-6 ёки барча сайёралари иштирокидаги йирик парадлари ҳар 18 йилда бир марта бўлиб ўтади.


Аввалроқ миллиардер Илон Маск сайёралараро парвоз қачондан амалга ошишини очиқлаганди. Бундай парвозларга мўлжалланган «Starship» космик кемаси яқин 3–5 йил ичида Марсга парвоз қилиши кутилмоқда.
«Ўйлайманки, агар жараён муваффақиятли ўтса, биз ўн йилликнинг охиригача Марсга экипажли миссияни жўнатишимиз мумкин», — деган Маск.
Шунингдек, миллиардер Марсга парвоз учун чиптанинг тахминий нархи 100 минг доллар бўлишини айтган.



