Қозоғистон сув омборларида вабо бактерияси аниқланди — видео
Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги сув омборларидан олинган сув намуналарида мутахассислар вабо бактериясини аниқлади. Бу ҳақда «КТК» хабар берди.

Маълум қилинишича, ёз фасли бошидан сув омборларидан 73 та намуна олинган. Уларнинг 14 тасида ҳаракатчан бактериялар тури бўлган вабо вибриони топилган. Мутахассислар инфекция жуда кўп штамларга эгалиги ва Қозоғистоннинг ғарбий вилоятида топилгани вабога олиб келмаслигини таъкидламоқда.
Одамларда бу инфекция кучли диарея шаклида намоён бўлади. Шунинг учун санитар шифокорлар ваҳима қилмасликка, гигиенага эътибор қаратиб, сув омборларида сузаётганда сувни ютиб юбормасликка чақирган.
«У асосан вилоятимиздаги барча очиқ сув ҳавзаларида айланиб юради. Биз уни ҳар йили рўйхатдан ўтказамиз. Аҳолига фақат қайнатилган ёки шиша сувдан фойдаланишни, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишни тавсия қиламиз. Чунки бактерия ифлосланган нарсалар, жумладан қўллар орқали юқади», — деган ғарбий Қозоғистон вилояти Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурлибек Мустаев.
Аввалроқ халқаро олимлар гуруҳи қора ўлатнинг келиб чиқишига оид 700 йиллик сирни очганди.
