Россияда мигрантларнинг фарзандлари учун рус тилини ўрганиш платформаси ишга тушди
Россияда мигрант болаларга рус тилини ўргатиш мақсадида «Дети здесь» («Болалар шу ерда») лойиҳаси ишга туширилди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Болалар махсус ишлаб чиқилган «Детиздесь.рф» интернет платформасида рус тилини интерактив усулда ўрганишни бошлаши мумкин бўлади. Болалар учун рус тили ўқитувчилари томонидан чет тили сифатида махсус видео курслар ишлаб чиқилган.
Бундан ташқари, платформада турли хил кўнгилочар ва таълим мазмунидаги мультфильмлар, телесериаллар бўлади. Лойиҳа директори Максим Шияннинг айтишича, видеодарслар бажарилганига қараб, кейинги материалларни очиш имкони бўлади.
Барча видеолар тожик, ўзбек, қирғиз ва озарбайжон тилларидаги субтитрлар билан бирга келади. «Дети здесь» лойиҳаси нафақат тил кўникмаларини ўргатиш, балки мигрант болаларнинг ижтимоийлашуви ва Россия жамиятига интеграциялашувига ҳам қаратилгани айтилган.
Аввалроқ Россияда мигрантлар муддатсиз яшаш учун рухсатнома олиши мумкинлиги маълум қилинганди. Шунингдек, мамлакатда мигрантлар учун меҳнат патентларини олиш соддалаштирилиши ҳақида хабар берилган.




