Хитой АҚШ самолётининг Тайван узра парвоз қилганига норозилик билдирди
Хитой АҚШнинг «P-8A Poseidon» ҳарбий самолёти Тайван бўғози узра парвоз қилгани сабабли норозилик билдирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Пекинга кўра, бу минтақадаги тинчлик ва барқарорликка зиён етказади.
«Қўшма Штатларнинг бундай ҳаракатлари қасддан аралашув ва минтақадаги вазиятни беқарорлаштириш ҳисобланади. Бу Тайван бўғозидаги тинчлик ва барқарорликка зарар етказишни англатади. Хитой кескин қаршилик қилади», — деган Хитой армияси Шарқий ҳудуди жанговар қўмондони Ши Йи.
У мамлакат қўшинлари доимо юқори жанговар шай ҳолатда бўлиб, давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилишини таъкидлаган.
Пекин АҚШ билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида, Тайван бўғозида мунтазам равишда машғулотлар ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, Хитой мудофаа вазири Вэй Фэнхэ Пентагон раҳбари Ллойд Остин билан учрашувда агар кимдир Тайван мустақиллигини эълон қилса, Хитой армияси, албатта, харажатидан қатъи назар, уруш бошлашдан тортинмаслигини айтганди.




