Ҳафталик дайжест. Блокдан очилиши кутилаётган Twitter ва TikTok, бир қисми бузиладиган «Қўйлиқ» бозори, Қодиров ва Кушербаевнинг даҳанаки тортишуви

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Қонунчилик палатасида жонли эфир пайтида Алишер Қодиров ва Расул Кушербаев ўртасида тортишув юз берди.

Йиғилиш давомида электрон далил масаласидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган пайт икки депутат ўртасида даҳанаки тортишув содир бўлган.

«Лўличилик қилманг саҳнага чиқиб олиб. Гапни эшитинг. Саволга жавоб беришни билиш керак. IT’ни тушунасизми? Электрон маълумот нималигини тушунасизми? Ҳеч нимани тушунмайсиз. Битта саволга ҳам жавоб беролмаяпсиз», — деди Алишер Қодиров.

Ушбу тортишувдан сўнг ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Қодировнинг эътирозлари (фақат қонунга нисбатан) тўғри бўлганини ёзган. У қонун матни юридик жиҳатдан пухта эмаслиги, бунинг оқибатида терговчилар учун «лазейка» бўлиб қолиши мумкинлигини қайд этган.

«Масаланинг охирига етиш учун муҳокамани тўлиқ кўриб чиқдим. Кушербаев ҳимоя қилаётган Жиноят-процессуал кодексини ўзгаритиришга оид қонун лойиҳасига фақат Қодиров эмас, бошқа депутатлар — Илҳом Абдуллаев, Дониёр Ғаниев, Шарофиддин Назаров ҳам эътироз билдирган. Ҳуқуқшунос сифатида айтишим мумкинки, барчасининг эътирози тўппа-тўғри!

Қонун лойиҳаси матни юридик жиҳатдан пухта эмас, шу сабабли эртага амалиётда терговчилар бу лазейкали қонундан фойдаланиб, мансабдор шахсларнинг телефон ва компьютерларини бемалол титкилай оладиган бўлиб қолади. Амалиётда буни бирорта депутат назорат қилиб беролмайди, қўлидан келмайди», деб ёзади Хушнуд Худойбердиев.

Шундан сўнг кўпчилик блогерлар сингари ҳуқуқшунос ҳам Миллий тикланиш партияси раисининг «лўличилик» иборасига эътибор қаратди. Унинг бутун бир миллатга нисбатан ҳурматсизлиги нотўғри бўлганини кўпчилик ёзмоқда. «Kainbek» ҳаттоки лўлилар Қодировни судга бериши мумкинлигини эслатди.

Фото: «Bugun.uz»

Депутат Кушербаев тортишувдан сўнг Қодировнинг «Озодликсевар депутат» дегани гапига жавоб берган (ва раисни «миллатчироқ ака» деб атаган):

«Мен ҳақиқатан ҳам озодликни севаман ва ўзимни озод инсон деб биламан. Бу менинг энг қадрли бойлигим.

Менимча, қолганлар ҳам озодликни севиб, ўзларини озод инсонлар деб билишади, айниқса депутатлар.

Биз озодсеварлармиз!», деб ёзади депутат.

Bugun.uz ҳуқуқшунос Зафар Солижонов билан интервью уюштирди. Унда айнан Расул Кушербаев ва Алишер Қодиров ҳақида ҳам сўз борган. Кўришни тавсия қиламиз!

Ҳафтанинг асосий мавзуси — «Тўпаланг» сув омборидан «тошиб чиққан» сув.

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган «Тўпаланг» сув омборидан чиқаётган сув 22 июнь куни соат 08:14 ларда кескин кўтарилди. Ҳудуддаги аҳоли ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида ваҳима кўтарилди. Тармоқларда сув омборидан сув тошиб чиқаётгани айтилган видеолар тарқалди. Қуйида воқеа аслида қандай бўлганини хронология тарзда келтирамиз — «Тўпаланг ГЭС»да тўполон: нималар бўлди?

«Bugun.uz» таҳририятига 23 июнь куни сув омборига яқин ҳудудларда яшовчи аҳоли эвакуация қилинаётгани тўғрисида хабар келиб тушди. Нашр журналисти ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Сариосиё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати билан боғланди. Таъкидланишича, шахси аниқланмаган 2–3 киши тумандаги Янгиҳаёт маҳалласида уйма-уй юриб, эвакуация жараёни бошлангани тўғрисида хабар тарқатган. Ҳокимлик тармоқларда тарқалган (сув тошиб чиқаётгани акс этган) видеодаги ҳолатга сув омборида носозлик сабаб эмаслигини маълум қилди.

Буни «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ҳам рад этиб чиқди. Маълум бўлишича, «Тўпаланг ГЭС»нинг ён қисмида фаввора кўринишида акс этаётган сувнинг чиқиши станциянинг босимли сув қувури орқали меъёрий қўшимча сув сальт ташламаси иншооти ҳисобланади.

Ўзбекистонда «Omicron» штаммининг янги мутациядаги варианти аниқланди.

Фото: «Bugun.uz»

Республикада ушбу штамм аниқланиб, хозирги кунда коронавирус инфекцияси билан касалланишда ушбу штаммнинг учраётгани кузатилмоқда.

«Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар марказида вирус геномини ўрганиш (секвенлаш) бўйича ўтказилган таҳлилларда 67 фоизида ‘Omicron’ ва 33 фоизида ‘Omicron’ штаммининг янги мутациядаги ‘Stealth-Omicron’ BA.2 варианти топилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси бўйича вазият барқарорлиги таъминланиб келинмоқда. Лекин ўтган икки йил давомида айнан июль-август ойларида касалланиш кўтарилганлиги қайд этилган. Шунинг учун коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ва бустер дозаси билан қайта эмлаш ишларини жадаллаштириш катта аҳамиятга эга», — деган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев.

Ҳафта совғаси: Қорақалпоғистонда IT танлови ғолибига пилот совға қилинди.

Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида ўтказилган IT танловида биринчи ўринни эгаллаган йигитга пилот (йўқ, бу учувчи ё шунга ўхшаш нарса эмас, шунчаки удлинитель) совға қилинди. Тақдирлаш маросими (агар шундай деб бўлса) суратлари туман ҳокимлиги Telegram каналига жойлаштирилган (ҳозирда пост ўчирилган), аммо бу тарқалиб кетиб, тармоқларда танқид ва кулгига сабаб бўлди.

Фото: Чимбой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Тумандаги ёшлар ойлиги доирасида 15–25 ёшлилар орасида «IT билимдони» танловининг туман босқичи бўлиб ўтган. Унда 60 дан зиёд ёшлар иштирок этган. Ғолибларга ноутбук… (шу ерда «таҳликали» барабан товуши) сумкаси (!), клавиатура ва пилот совға қилинган. Танловни Ёшлар ишлари агентлиги ва IT-Park ташкил қилган. Унга қанча маблағ ажратилгани (ё умуман ажратилмагани) маълум эмас.

Фото: Чимбой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ғолибларга берилган совғани танқид қилиб, постлар жойлашни бошлади. Улар «IT билимдонига совғанинг ИТи» деб изоҳлар ёзишмоқда. Албатта, уларнинг танқидлари ҳам ўринлидир, лекин танловни ким ташкиллаштиргани, унга қанча пул ажратилгани ҳам муҳим.

Ушбу хабар тармоқларни «портлатгандан» (нафақат ўзбек сегментида, балки Россиянинг йирик Телеграм каналларида ҳам айланди) сўнг Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев вазиятни назоратига олиб, ғолибларга компьютер топширди.

Бу Ўзбекистон ва бу биринчиси эмас. Аввалроқ Самарқандда IT танлови ғолибига эски ноутбук берилганди (бунинг ортидан «замҳоким» ҳайфсан олган). Наманганда «Заковат» танлови ғолибларига ваъда қилинган совғалар эса умуман берилмаганди. Шунақа.

«Қўйлиқ» деҳқон бозори давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши маъқулланди. Аммо бозорнинг тўлиқ ҳудуди эмас.

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг тегишли қарори билан «Қўйлиқ» деҳқон бозори давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши маъқулланди. Қарор матни «E-qaror» платформасида эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳокимнинг қарори билан «Фарғона йўли» кўчасини Бектемир шоссеси билан боғловчи Тошкент ҳалқа автомобиль йўлига кириш ва чиқиш имконини берувчи ёрдамчи йўл ўтказгичлар қурилишига рухсат берилди. «Қўйлиқ» деҳқон бозори билан биргаликда яна бир МЧЖга ўрнатилган тартибда компенсация берилганидан сўнгина давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига рухсат берилиши алоҳида қайд этилган.

Скриншот: «E-qaror»

Ушбу қарор эълон қилингандан сўнг пойтахт ҳокимлиги бозорнинг айнан қаерлари бузилиши бўйича тушунтириш берди. Унга кўра, бозорнинг тўлиқ ҳудуди олиб қўйилиши кўзда тутилмаган. Йўл асосий кириш жойи олдидаги автотураргоҳ ҳудудининг бир қисми ва бир нечта вақтинча савдо қурилмалари ҳисобидан кенгайтирилади.

Фото: Тошкент шаҳри ҳокимлиги

Лойиҳага кўра, жалб этиладиган ҳудуднинг умумий майдони 10 минг квадрат метр атрофида бўлади. Бунда асосий бино ва савдо расталарининг аксарияти ўз жойида қолади. Буюм бозорининг ҳам асосий павильони ўз жойида қолади. Автотураргоҳ ҳудуди билан бирга ишларга жалб этиладиган (олиб қўйиладиган) умумий майдон 6,3 минг квадрат метрни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, «Қўйлиқ» бозорининг бузилишига оид хабарлар 2021 йилнинг декабрида чиқишни бошлаганди. Ўшанда у ердаги савдогарлар бошқа манзилга кўчирилиши айтилган. Аммо буларнинг барчаси рад этилиб, мавзу ёпилганди.

Ўзбекистонда блокланган Twitter, TikTok ва ВКонтакте ижтимоий тармоқлари блокдан чиқарилиши мумкин. Блогерлар булар қайта блокка тушмаслигини сўраб, дуо қилишяпти.

«Kun.uz» ўз манбасига таяниб Ўзбекистонда қарийб бир йилдан бери чекловда бўлиб келаётган (2021 йилнинг 2 июлида чеклов ўрнатилган) тармоқлар — Twitter, TikTok ва ВКонтакте блокдан чиқарилишини маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Тармоқлар қачон, қайси шартлар асосида (агар у бўлса) блокдан чиқарилиши бўйича маълумот мавжуд эмас. «Bugun.uz» аввалроқ ҳам ушбу тақиқлар олиб ташланиши, АОКА бу бўйича TikTok раҳбарияти билан гаплашиб олганини ёзганди. Афтидан, мана шу келишувлар энди кучга киради — тармоқ(лар) блокдан ечилади.

Маълумот учун, аввалроқ расмийлар Конституцияга ҳар ким интернетдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини киритиш кераклигини айтганди.

Ушбу хабар эълон қилингандан кейин блогерлар ўз фикрларини билдириб, ҳатто дуолар қилишмоқда. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов «Агар шу ‘разблокировка’дан кейин яна келажакда кимдир шу ресурсларни блокласа, қўли синсин, омин», — дея пост қолдирган. Юрист ва блогер Баҳодир Аҳмедов эса «бунинг ортидан суд реформаси ҳам амалга ошса, бахт бутун бўлиши»ни ёзган.

Ўзбекистон Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини юборди. Бу сафар зилзила оқибатида жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида.

Ташқи ишлар вазирлиги ахборотига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур предметлар ва медикаментлардан иборат жами 74 тонна юк ортилган самолёт Афғонистонга жўнаб кетган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг Кобул, Ғазни, Лўгар, Пактика, Хост ва Лағмон вилоятларида 22 июнга ўтар кечаси 6,1 балли зилзила содир бўлган. Унинг кучи Ўзбекистонга ҳам сезилган. «Толибон» расмийлари тунда содир бўлган зилзила сўнгги йигирма йил ичида энг ҳалокатлиcи бўлганини айтган. Ҳаракат расмийси зилзила сабаб халқаро ташкилотлардан ёрдам сўраган.

Фото: «Tolo news»

Ўз навбатида, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги кучли зилзила қурбонларининг оилала аъзоларига ҳамдардлик билдирган. Ҳукумат табиий офатнинг фожиали оқибатларини имкон қадар тез бартараф этишда биродар Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлаган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Самарқанд халқаро аэропорти ШҲТ саммити кунлари авиақатновларни тўхтатиб туради
Жамият, Самарқанд13:39 | 19.8.22
Самарқанд халқаро аэропорти ШҲТ саммити кунлари авиақатновларни тўхтатиб туради
Жиззахда ўнга яқин машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Жамият, Жиззах12:51 | 19.8.22
Жиззахда ўнга яқин машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Жамият12:15 | 19.8.22
Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Жаҳон12:11 | 19.8.22
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Жаҳон12:06 | 19.8.22
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Жамият12:05 | 19.8.22
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади