
Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги «Тўдакўл» дам олиш масканига келган Н.Д. 25 июнь куни тўсатдан вафот этди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, соат 15:45 да Қизилтепа туман тиббиёт бирлашмасига 2006 йилда Навоий шаҳрида туғилган вояга етмаган Н.Д. «Тўдакўл»га дам олиш учун бориб, тўсатдан вафот этгани тўғрисида маълумот келиб тушган.
Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, ўсмир «тўсатдан ўлим синдроми, ўткир юрак қон томир нафас етишмовчилиги» оқибатида вафот этган. Ҳолат юзасидан суриштирув ҳаркатларини туман прокуратураси олиб бормоқда.
Аввалроқ «Markaz24.uz» нашри Тўдакўл дам олиш масканида бўлиб ўтган фестивалда бир киши вафот этгани ҳақида хабар берганди.
Эслатиб ўтамиз, «Тўдакўл» дам олиш зонасида 25–26 июнь кунлари «To‘dako‘l fest — 2022» фестивали бўлиб ўтди. Тадбир доирасида спорт беллашувлари, интеллектуал лойиҳалар, маданият ва санъат вакиллари чиқишлари, рассомчилик ва дизайн кўргазмалари, консерт дастурлари ўтказилган.



