Бугун оқшоми. «Тонировка», «тонировка» ва яна «тонировка»

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

«Тонировка» мавзусига чиройли якун: орқа ён ойналарни қорайтириш бепул бўлади, «бетон тонировка» эса 6 баравар арзонлашиб, 2,5 миллион сўмни ташкил қилади.

Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни ўтказилган видеоселекторда охирги кунларнинг актуал мавзуси бўлиб турган «тонировка» масаласига тўхталиб, у бўйича қарор қабул қилганини эълон қилди. Унинг нархи арзонлади, орқа ён ойналар ҳатто текин бўлди!

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг ҳайдовчилар ва йўловчилар анчадан бери кутган, уларнинг кайфиятини кўтарадиган қарорига кўра, 1 июлдан бошлаб:

  • автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш тўловлари бекор қилинади, яъни бепул бўлади;
  • олд ва орқа ён ойналарни тўлиқ қорайтириш тўловлари 6 баробаргача арзонлаштирилади (2,5 миллион сўм бўлади, илгари 15 миллион сўм эди);
  • ишлаб чиқарилганига 10 йилдан кўп бўлмаган енгил машиналарни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби бекор бўлади. 10 йилдан 15 йилгача бўлган енгил машиналар икки йилда, 15 йилдан ортиқ бўлганлари эса бир йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади.

Президент бу бўйича қарор имзолаганини эълон қилар экан, ОАВ, ижтимоий тармолқарда кўтарилаётган масалалардан хабардор эканини айтган. Аҳолининг кайфиятидан келиб чиқиб ушбу қарор имзоланганини таъкидлаган.

«Мана, бугунги кунда мамлакатимизда енгил автомашиналар сони 3,5 миллиондан ошди. Ҳайдовчиларимизда ҳам кўплаб эътирозлар тўпланиб қолган.

Шу боис, бугун ҳайдовчилар ва йўловчилар анчадан бери кутган, уларнинг кайфиятини кўтарадиган қарорни имзоладим», — деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев бу ҳали бошланиши экани, аҳолидан тушган таклифлар ва ечимлар бўйича доимий тарзда халқнинг фойдасига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилиб борилишини айтиб ўтган.

«Бу — ҳали бошланиши. Мен Президент маслаҳатчилари, бош вазир ўринбосарлари ва вазирларга топшириқ берганман. Одамларимизни қийнаётган, аҳамиятини йўқотган тартиб ва чекловларни бекор қилиш бўйича ишчи гуруҳ барча йўналишларда мунтазам ишлаяпти. Жойлардан тушган асосланган таклифлар ва ечимлар бўйича доимий тарзда халқимизнинг фойдасига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилиб борилади», — деди Президент йиғилиш якунида.

Энди мана бу мақолага тўпланганидек постлар чиқишини (флешмоб) тўхтатиш мумкин. Ҳаммаси ҳал, ҳаммаси яхши. Энди тармоқларда позитив флешмоб бошланиб кетди. Аммо «Капгир» эса «энди болаларнинг психикаси нима бўлиши»ни ўйламоқда. Аввалроқ машиналарнинг термометрлари ҳаво ҳарорати 60 даражагача кўтарилганини кўрсатаётганди (аслида ҳаво унчалик бўлмаган, «Ўзгидромет» бу бўйича тушунтириш ҳам берган). Энди ундай бўлмас кўп машиналарда, балки.

Ушбу селекторда бошқа масалалар ҳам кўтарилди (ўзи, аслида, йиғилишнинг мавзуси умуман бошқа эди). Масалан, Ўзбекистонда пахта ҳосилдорлиги камида 30 фоизга оширилади.

Фото: «Bugun.uz»

Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июнь куни ўтказилган видеоселекторда (унинг тўлиқ номи шундай: илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига пахта ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда пахтани чуқур қайта ишлаш асосида тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши) пахта ҳосилдорлиги ва ҳажмини камида 30 фоизга ошириш ҳам муҳокама қилинди.

Унда:

  • илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига пахта ҳосилдорлиги ва ҳажмини камида 30 фоизга ошириш;
  • пахтани чуқур қайта ишлаб, соҳанинг экспортини камида 2 бараварга кўпайтириш муҳокама қилинди.

«Соҳани қўллаб-қувватлаш учун сўнгги уч йилда тўқимачилик кластерларига 23 триллион сўмдан зиёд имтиёзли маблағлар ажратилди. Бундан ташқари, кластерларнинг ўзлари ҳам қарийб 7 триллион сўм хусусий инвестициялар йўналтирдилар. Натижада 350 га яқин йирик фабрикалар ишга туширилди. Ишлаб чиқариш ҳажми 5 баробарга ошди, экспорт эса 4 баробарга ўсиб, қарийб 3 миллиард долларга етди», — деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда агар томчиталиб суғоришни жорий этиш соҳасида эркин рақобат бўлса, илм билан ёндашилса, ушбу технологияни жорий этиш харажатини гектарига 15–20 миллион сўмга бемалол тушириш мумкинлиги, ҳозирда кўрсаткич 27 миллион сўм экани қайд этилган.

Шу сабабли Молия ва Сув хўжалиги вазирликларига бир ҳафта муддатда:

  • янги ишга туширилган электрон порталга ҳамма таъминотчиларни киритиш;
  • таклиф қилинаётган сув тежовчи технологиялар нархи ва хизматлар сифатини баҳолаб борадиган шаффоф тизим яратиш топширилди.

Бунда энг мақбул шартлар ва нархларни фермерларнинг ўзи танлайди. Ишлаб чиқарувчи эса камида 3 йил фермерга сервис хизматини кўрсатишни кафолатлаши шарт. Умуман, кластерлар ҳамкор фермерлари билан бирга олган даромадидан бир қисмини жамғариб, ички ирригация тизимини яхшилашни ҳам йўлга қўйиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Ўзимизда «тонировка» мавзуси, аммо оламда нима гап?

«Толибон»нинг ўзбек қўмондонлари пуштун толиблари томонидан ҳибсга олинмаслиги учун ертўлада яшамоқда.

Фото: «Getty Images»

«Толибон» Фарёб вилоятидаги ўзбек қўмондонларидан бири Туфани Ҳажга боришига рухсат бермаган. Разведка бошқармаси ва Афғонистон Мудофаа вазирлиги май ойидан бери фарёблик ўзбек қўмондонларининг барча ҳаракатларини кузатган.

Манбаларга кўра, Махдум Олим Раббоний, Қори Салоҳиддин Аюбий ва қўмондон Туфа «Толибон» ҳибсга олмаслиги учун ертўлада яшамоқда. Сўнгги икки ой ичида шимолда пуштун ва нодавлат «Толибон» қўмондонлари ўртасидаги ички келишмовчиликлар авж олган.

Медведев Украина NATO’га қўшилса, Учинчи жаҳон уруши бошланишини айтди.

Фото: «РБК»

Сиёсатчига кўра, Украинанинг альянсга қўшилиши Россия учун Швеция ва Финляндиянинг иттифоққа киришидан кўра хавфлироқ. Медведев Москва ва Киев ўртасида «ҳал қилинмаган ҳудудий низолар мавжудлиги», жумладан, Қримга эгалик қилиш ва «минтақалар мақомини турлича тушуниш» борлигини айтган.

«Биз учун Қрим Россиянинг бир қисмидир ва бу абадий шундай бўлиб қолади. Қримга бостириб киришга ҳар қандай уриниш мамлакатимизга уруш эълон қилишдир. Агар NATO’нинг бир қисми бўлган давлат бу ишни қилса, бу бутун Шимолий Атлантика альянси билан зиддиятни англатади. Учинчи жаҳон уруши бошланиб, тўлиқ фалокат бўлади», — деган у

Медведев бу ҳолда NATO’нинг Россия билан қуруқликдаги чегаралари узунлиги икки баробардан кўпроққа ошиши ва мамлакат ўз чегараларини мустаҳкамлашини айтган. Сиёсатчининг сўзларига кўра, бундан ҳеч ким, жумладан, Швеция ва Финляндия фуқаролари ҳам хурсанд эмас.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Жиззахда ўнга яқин машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Жамият, Жиззах12:51 | 19.8.22
Жиззахда ўнга яқин машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Жамият12:15 | 19.8.22
Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Жаҳон12:11 | 19.8.22
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Жаҳон12:06 | 19.8.22
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Жамият12:05 | 19.8.22
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Йилига 500 мингта автомобиль: «UzAuto Motors» ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширади
Жамият11:30 | 19.8.22
Йилига 500 мингта автомобиль: «UzAuto Motors» ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширади