Ўзбекистонда автомобиллардаги ҳарорат ўлчагич 60 даражани кўрсатди
«Ўзгидромет» хизмати синоптиклар ҳақиқий ҳарорат қийматларини яшираётгани, кундуз кунлари ҳаво ҳарорати 47–50 даражага етиши, маиший техника ускуналарида 60 даража ва ундан юқори қийматлар кўрсатилаётгани айтилган хабарлар юзасидан тушунтириш берди.

Келтирилишича, ҳозирги кунда аҳоли ҳаво ҳароратини аниқлаш учун маиший термометрлардан кенг фойдаланмоқда. Кўпинча бу асбобларнинг қабул қисми тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ёки атрофдаги жисмларнинг иссиқлик нурланишидан ҳимояланмаган. Бундай ҳолда термометр ҳаво ҳароратини эмас, балки термометр қабул қилувчи қисмининг исиш ҳароратни ўлчайди.
Қуёш нурлари остида бўлган инсон ҳаво ҳароратини эмас, балки танасини тўғридан-тўғри қуёш нурлари ва атрофдаги жисмлардан чиқаётган иссиқлик нурланиши билан исиши ҳароратини сезади. Дарахтлар соясида ва баланд бинонинг бетон девори соясида турган инсон ҳароратни бошқача ҳис этади, чунки деворнинг иссиқлик нурланиши остида бўлиши ҳарорат ҳис этиш даражасини оширади.
Автомобиль ичида бўлган инсон автомобиль корпуси қуёш нурлари ва қизиган асфальтдан иссиқлик нурланишини ҳис этади. Шунинг учун автомобилдаги ўлчаш асбоблари 60 даража ва ундан юқори ҳароратни кўрсатиши мумкин.
«Иссиқлик нурланиш омилларининг таъсирини истисно қилиш ва бутун дунёда амалга оширилган метеорологик ўлчовларни бир бирига таққослаш жараёнини осонлаштириш мақсадида кузатувлар Жаҳон метеорология ташкилоти қоидаларига мувофиқ, бир хил методология ва бир хил стандарт шароитларда амалга оширилади.
Хусусан, ҳарорат ўлчовлари ер сатҳидан 2 метр баландликда ўрнатилган махсус шамоллатиладиган об-ҳаво буткасида амалга оширилади. Ўлчов асбоблари вақти-вақти билан текширилади, уларнинг кўрсаткичлари стандарт асбобларнинг кўрсаткичлари билан таққосланади. Айтганча, жорий йилда ‘Ўзгидромет’ станцияларида ўрнатилган автоматик станцияларнинг кўрсаткичлари ‘қўлда’ олиб борилган кузатувлар маълумотларини тасдиқлайди», дейилган хабарда.
Маълумот учун, сайёрадаги энг юқори ҳаво ҳарорати (57–58 даража) АҚШнинг Калифорния штатидаги Ўлим водийси ва Ливия чўлида кузатилган. Ўзбекистонда метеорологик кузатишларнинг барча йиллари учун энг юқори ҳарорат (48–49 даража) Қизилқум чўлида (1983 йил июль ойида) ва Термиз шаҳри ҳудудида (1941 йил июнь–июль ойларида) қайд этилган.
Тошкентда абсолют ҳарорат максимуми 44,6 даражани ташкил этади. Ушбу ҳарорат 1997 йил 18 июль куни қайд этилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ҳафта охирида ҳарорат 45 даражагача кўтарилиши ҳақида хабар берилганди.


