Тожикистонда миллатига кўра камситишга қарши қонун қабул қилинди
Тожикистон адлия вазири Музаффар Ашуриён парламент томонидан фуқаролар ҳуқуқлари поймол этилишига қарши қонун қабул қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Янги қонунга кўра, миллати, дини ёки тилига кўра камситилган ҳар қандай шахс судга мурожаат қилиши мумкин. Вазирнинг таъкидлашича, камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги қонун аҳоли ўртасида тенг имкониятлар яратиш учун ҳуқуқий асос яратади.
«Камситиш – ирқи, ранги, келиб чиқиши, тили, дини ёки эътиқоди, шунингдек, ногиронлиги, ёши, фуқаролиги, ижтимоий ёки бошқа мавқеига кўра ҳуқуқларни поймол қилишдир», дейди вазир.
Қонуннинг амал қилиш доираси ташкилий-ҳуқуқий шакллари ва фаолиятидан қатъи назар, барча давлат ҳокимияти органлари, мансабдор шахслар, жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан қўлланилади.
«Камситишга дучор бўлган ҳар қандай шахс ёки шахслар гуруҳи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, камситиш натижасида етказилган ҳар қандай зарарни тегишли, адолатли ёки қониқарли қоплашни сўраб суд ва бошқа давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга», — таъкидлаган Ашуриён.
У давлат тенгликни ҳимоя қилишни кафолатлашини ва камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш дастурларини амалга оширишини айтган.
Аввалроқ Тожикистонда тадбиркорлик фаолиятини текшириш тақиқланганди. Шунингдек, мамлакатдан 40 дан ортиқ этник қирғизлар чиқариб юборилганди.


