«Виждонини чет эллик хўжайинларига сотганлар ғаразли режаларидан воз кечгани йўқ» — Эмомали Раҳмон
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон жамиятни мамлакатдаги сиёсий барқарорликни ҳимоя қилишга тайёр туришга чақирди. Бу ҳақда «Asia-Plus» хабар берди.

Президент бу мурожаатини 27 июнь Миллий бирдамлик кунидаги нутқида айтган.
«Давлат ва халқимизнинг сотқинлари ва ғаразгўйлари – миллий ва давлат манфаатларини оёқ ости қилиб, ўз эътиқоди ва виждонини чет эллик хўжайинларига сотганлар ҳалигача ўз ғаразли ният ва режаларидан воз кечгани йўқ.
Шунинг учун тинчлик, осойишталик, сиёсий барқарорлик ва миллий бирдамликни ҳимоя қилишга доим тайёр бўлишимиз ва ҳеч қачон сиёсий ҳушёрликни йўқотмаслигимиз керак», дейилади Тожикистон раҳбари баёнотида.
Раҳмон ўз ватандошларига 1990 йиллар бошида «Тожикистон фуқаролар уруши гирдобига тушиб қолгани, бунинг натижасида жамият ва давлатнинг барча соҳалари фожиали инқирозга юз тутганини» эслатган. Унга кўра, тожик миллатининг емирилиши ва мамлакатнинг дунё сиёсий харитасидан йўқолиб кетиш хавфи бўлган.
«Тинчлик бўйича узоқ давом этган музокаралар 1997 йил 27 июнь куни Москвада тақдир ҳужжати – Тожикистонда тинчлик ва миллий тотувликни ўрнатиш тўғрисидаги умумий келишув имзоланиши билан якунланди», — дея эслайди Раҳмон.
Аввалроқ Эмомали Раҳмон тожик–қирғиз ва тожик–афғон чегарасидаги вазият ҳақида гапирганди. Шунингдек, Тожикистон президенти аҳолини икки йиллик озиқ-овқат ғамлашга чақирганди.


