«Бирорта интернетга чиқмасин». Сурхондарё ҳокими ўзи акс этган видеони тарқатмасликни сўради — видео
Вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан муносабат билдириб, видео қаерда суратга туширилганини маълум қилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов тўйда меҳмонлардан у акс этган видеотасвир тарқатилмаслигини сўради. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, мазкур ҳолат 28 июнь куни никоҳ тўйи бўлиб ўтган «Токио–2020» Паралимпия ўйинлари олтин медали соҳибаси Гулжаной Наимова хонадонида тасвирга олинган. Вилоят ҳокими спортчини табриклаш учун туман ҳокими билан бирга унинг уйига борганида меҳмонлар жараённи тасвирга олишни бошлаганини кўриб, уларга «биронта интернетга чиқмасин», деган.
«Чунки, воҳада вилоят ҳокимининг амалга ошираётган ишлари ва ҳар бир хатти-ҳаракатини ижтимоий тармоққа чиқариб, PR ясаш одатий ҳолга айланди.
Шундоқ ҳам оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқда ўзини кўп реклама қилишдан истиҳола қиладиган ҳоким вилоятда бажараётган айрим хайрли ишларини кенг жамоатчиликка кўрсатишдан тийилиб туради. Лозим бўлган ҳолларда ижтимоий тармоқ орқали ўзи ҳам чиқишлар қилиб, воқеа-ҳодисаларни халқимизга етказаётганини барча яхши билади», дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев фонарь ёруғида мутасаддилар билан видеойиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берилганди.