Бугун оқшоми. Нархи ҳозирча ошмайдиган газ ва электр, АҚШ санкциясига тушган Ўзбекистондаги компания, мукофотланган ёш футболчилар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонда газ ва электрнинг табақалаштирилган нархига ўтиш кечиктириладиган бўлди. Бу бўйича қарор лойиҳаси ўрганилмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишчи гуруҳ (Энергетика, Молия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари мутахассислари) томонидан ўрганилмоқда.

Қабул қилинган таклифлар бўйича барча хулосалар ва мутахассисларнинг хулосалари тақдим этилгандан сўнг, ушбу масала бўйича якуний ва тегишли қарор қабул қилинади. Ҳукумат қарори эса қабул қилинган кундан бошлаб 15 кундан кейин кучга киради.

Фото: «Bugun.uz»

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарор лойиҳасида электр ва газ нархлари табақалаштириш назарда тутилган. Содда қилиб айтганда, бир ойлик лимит берилади, ўша лимит бўйича арзонроқ нархда тўлайсиз, ундан ошиғи (2–3 баравар) қимматроқ нархда ҳисобланади.

Чекиш, албатта, қачондир ўлдиради. Охирги пайтларда қимор ҳам ўлимга олиб келяпти: Наманганда автомактаб ўқитувчиси онлайн қимор сабаб ўзини осиб қўйди.

Наманган вилояти Норин туманида 26 июнь куни 33 ёшли автомактаб ўқитувчиси онлайн қимор сабаб ўз жонига қасд қилди. Оилали, бир нафар фарзанди бор эркак уйининг том қисмига ўзини осиб қўйган.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, марҳум онлайн қиморда ютқазиб қўйгандан сўнг оилавий келишмовчилик келиб чиққан ва унинг руҳиятида салбий ўзгариш бўлган. Ҳозирда эркакнинг ўлими сабабига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат бўйича Норин тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракати олиб борилмоқда.

Чекиш, ичиш ва яна қатор соғлиққа зиён ҳаракатлар билан бир қаторда қимор ҳам охир-оқибат ўлимга олиб боради. Унга яқинлашмаганингиз, ўз жонига қасд қилиш бўйича статистикани ўстирмаганингиз маъқул.

«Бирорта интернетга чиқмасин». — Сурхондарё ҳокими ўзи акс этган видеони тарқатмасликни сўради, аммо бу тескари реакция берди — видео тарқалиб кетди. Видео ёмон эмас, ҳоким «Токио–2020» Паралимпия ўйинлари олтин медали соҳибаси Гулжаной Наимованинг никоҳ тўйида қатнашган, холос.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов тўйда меҳмонлардан у акс этган видеотасвир тарқатилмаслигини сўради. Аммо у барибир тарқалиб кетди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати бу бўйича тушунтириш берди.

Унга кўра, мазкур ҳолат 28 июнь куни никоҳ тўйи бўлиб ўтган «Токио–2020» Паралимпия ўйинлари олтин медали соҳибаси Гулжаной Наимова хонадонида тасвирга олинган. Вилоят ҳокими спортчини табриклаш учун туман ҳокими билан бирга унинг уйига борганида меҳмонлар жараённи тасвирга олишни бошлаганини кўриб, уларга «биронта интернетга чиқмасин», деган.

«Чунки воҳада вилоят ҳокимининг амалга ошираётган ишлари ва ҳар бир хатти-ҳаракатини ижтимоий тармоққа чиқариб, PR ясаш одатий ҳолга айланди.

Шундоқ ҳам оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқда ўзини кўп реклама қилишдан истиҳола қиладиган ҳоким вилоятда бажараётган айрим хайрли ишларини кенг жамоатчиликка кўрсатишдан тийилиб туради. Лозим бўлган ҳолларда ижтимоий тармоқ орқали ўзи ҳам чиқишлар қилиб, воқеа-ҳодисаларни халқимизга етказаётганини барча яхши билади», дейилади хабарда.

Андижонда қандай ҳокимларимиз бор эканини билгандик (у ерда порахўр раҳбарлар бор, аммо бу гап вилоят ҳокимига айтилганди), лекин Сурхондарёда шундай ҳокимларимиз бор экан, биз билмай юрган эканмиз.

Шавкат Мирзиёев байрам муносабати билан бир гуруҳ ёшларни мукофотлади. Улар орасида футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси (U-23) футболчилари бор.

Президент 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш мақсадида ўзининг юксак азму шижоати, билим ва салоҳияти, истеъдод ва қобилиятини намоён этиб, турли соҳаларда эришган ютуқлари билан Янги Ўзбекистон тараққиётига, унинг шон-шуҳратини жаҳон миқёсида янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, эл-юртга меҳри ва садоқати, намунали хулқи ва одоби ҳамда ватанпарварлик фазилатлари билан тенгдошларига ҳар томонлама ўрнак бўлиб келаётган бир қатор ташаббускор ва етакчи ёшлар «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланган.

Рўйхатда футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси аъзолари Жасур Жалолиддинов, Хусаин Норчаев ва Ҳожимат Эркиновлар бор. Қолган тақдирланганлар билан мана бу рўйхатда танишишингиз мумкин.

АҚШ Ўзбекистондаги компанияга қарши санкция киритди. У Россия Мудофаа вазирлигини жиҳозлар билан таъминловчи «Радиоавтоматика» компанияси учун микросхема каби электрон компонентларни етказиб берган.

АҚШ Савдо вазирлиги Ўзбекистон, Хитой, Россия, БАА, Литва, Покистон, Сингапур, Буюк Британия ва Вьетнамдаги компанияларни халқаро санкциялар қонунини бузгани учун жазолади. Бизга шерик «Kommers.uz» Ўзбекистондан санкцияларга тушган компания «Promcomplektlogistic» эканини ёзмоқда.

Фото: «Wikipedia»

АҚШ Давлат департаменти Россиянинг «Радиавтоматика» корхонасини санкциялар рўйхатига қўшган. Корхонани АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларида «фаол қўллаб-қувватлагани» учун Ўзбекистонда жойлашган «Promcomplektlogistic» хусусий компанияси ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.

Таъкидланишича, Promcomplektlogistic Россиянинг «Радиоавтоматика» корхонаси учун микросхема каби электрон компонентларни етказиб беради. «Радиоавтоматика» эса Россия Мудофаа вазирлигини жиҳозлар билан таъминлайди.

«Promcomplektlogistic хусусий компаниясига санкция қўлланиши бутун дунё бўйлаб тижорат манфаатдор томонлари учун огоҳлантириш бўлиши керак: агар сиз санкциялар остида бўлган юридик ёки жисмоний шахслар билан бизнес юритсангиз, сизга санкция қўлланиши хавфи бор», — дейилади баёнотда.

«Promcomplektlogistic» ҳақида

Promcomplektlogistic компанияси 2018 йилда ташкил этилган. Устав капитали 10 миллион сўм бўлган корхона Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Навоий шоҳ кўчаси, 16-а уйда рўйхатдан ўтган.

Скриншот: Давлат статистика қўмитаси

Логистика билан шуғулланувчи корхонанинг ягона таъсисчиси ва раҳбари Олег Граблин ҳисобланади. У, шунингдек, «Alfa Beta Creative» компаниясининг ҳам эгаси ҳисобланади.

Даҳшатли да(ҳ)ш(а)т: Ўзбекистондаги 3 та ҳудуд маълум вақт дунёнинг энг иссиқ нуқталарига айланди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистоннинг учта ҳудуди — Навоий вилоятидаги иккита ва Хоразм вилоятидаги битта станция 29 июнь куни соат 11:00 дан бошлаб маълум вақтгача дунёнинг энг иссиқ нуқталарига айланди. Метеоролог Эркин Абдулаҳатовнинг «Погода и Климат» сайтидаги реал вақт режимидаги маълумотларга таяниб хабар беришича, Хоразм вилоятидаги Бузоқбой, Навоий вилоятидаги Томдибулоқ ва Нурота станциялари 29 июнь маҳаллий вақт соат 11:00 да дунёнинг энг иссиқ нуқталаридан бўлган.

Скриншот: «Погода и Климат»

Бундан ташқари, мутахассис Навоий вилояти «Машиқудуқ» метеорологик станциясида маҳаллий вақт соат 13:20 да ҳаво ҳарорати +47,1 даражага етганини маълум қилган.

14:00 дан бошлаб маълум вақтгача эса дунёдаги энг иссиқ нуқта Туркманистоннинг Мари вилоятидаги ҳудуд бўлган. Вилоятнинг «Бахтиёрлиқ» кузатув станциясида +48 даража иссиқ ҳаво ҳарорат қиймати рўйхатга олинган.

Ўзингизни эҳтиёт қилишингиз керак бўлган ҳолатлар яна биттага кўпайди: авж олаётган коронавирус ва аномал иссиқлик. Бундай пайтда иложи бўлса, кўчага чиқмасликни, чиққанда ҳам бош кийим билан юришни ва кўпроқ суюқлик ичишни маслаҳат берамиз.

Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул 73 ёшда вафот этди.

Филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул 1949 йил 28 мартда Бухоронинг Шофиркон туманида туғилган, 1966-1970 йилларда Бухоро давлат педагогика институтида тамомлаган.

Профессор 1972 йилдан ҳозиргача Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида меҳнат фаолиятини олиб бораётганди. Олим фаолияти давомида Абдулҳамид Чўлпоннинг «Баҳорни соғиндим» (1988), Хожа Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикматлар» (1991) мажмуасини, шогирди Сайфиддин Рафиддинов билан ҳамкорликда «Боқирғон китоби» (1991), «Меърожнома» (1995) каби узоқ муддат нашр этилмаган асарларни ўқувчиларга етказган. Қолаверса, у «Аҳмад Яссавий», «Ким нимага таянади?», «Эътиқод ва ижод», «Тасаввуф сабоқлари» каби рисола ва китобларини чоп эттирган.

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали суҳбатлашди: Президент собиқ давлат раҳбарини 65 йиллик юбилейи билан табриклади, Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистонга келади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат аввалида давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни 65 йиллик юбилейи билан қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, биродар Туркманистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик доирасида икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Ташрифнинг аниқ саналари маълум эмас.

Десерт: «Bugun.uz» кечадан буён трендга чиққан мавзу — «тонировка» масаласида пойтахтдаги автомобиль бозори ва автотюнинг марказларидан фоторепортаж тайёрлади.

Автомобиль ойналари учун парда сотадиган дўкон эгаларининг сўзларига кўра, ҳозирданоқ пардага бўлган талаб бироз пасайган, лекин харидорлар ҳам бир-иккита топилади. Хусусан, айрим сотувчилар орқа «лобовой» учун «тонировка» текин қилиб қўйилганда ҳам, пардалар сотилмаса керак деб ўйлаганини, лекин ундай бўлмагани ва савдоси яхши бўлганини таъкидлади.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Репортажни тўлиқ мана бу ерда кўришингиз ва ўқишингиз мумкин.

Хўш, оламда нима гап?

Россияда NATO билан можаро эҳтимоли ортиб бораётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Россия парламенти юқори палатаси сенатори Сергей Цеков гапириб ўтган.

Унинг айтишича, Россия ва NATO ўртасидаги можаро эҳтимоли альянсга аъзо давлатларнинг ҳар бир янги баёноти фонида ортмоқда.

Фото: «Shutterstock»

«NATO давлатлари баёнотига қараганда, вазият ҳақиқатдан ҳам кескинлашмоқда. Альянснинг ҳаракатлари, унинг баёнотлари, Украинанинг қўшимча қуролланиши, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш режалари можарони камайтиришга ёрдам бермаслиги аниқ.

Бу аниқ эскалацияга олиб келади. Бунда биз томондан NATO’нинг барча ҳаракатлари ва баёнотларига эътиборни кучайтириш талаб қилинади. Можаролар хавфи кучаймоқда», — дейди у.

Сиёсатчининг таъкидлашича, NATO Россия билан очиқ қарама-қаршиликка киришиши назарий жиҳатдан мумкин бўлса-да, амалда бу даргумон. Альянс, унинг сўзларига кўра, ҳар қандай ҳаракатларига ўта кескин жавоб берилишини тушунади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Қашқадарёда икки киши йигитни дўппослаб ўлдирди
Жамият15:26 | 13.8.22
Қашқадарёда икки киши йигитни дўппослаб ўлдирди
«Толибон» Афғонистонда «Ал Қоида» раҳбари ўлдирилганини тан олдими?
Жаҳон15:22 | 13.8.22
«Толибон» Афғонистонда «Ал Қоида» раҳбари ўлдирилганини тан олдими?
Ўзбекистондаги баъзи давлат тиббиёт муассасаларида нархлар нега қимматлигига изоҳ берилди
Жамият15:02 | 13.8.22
Ўзбекистондаги баъзи давлат тиббиёт муассасаларида нархлар нега қимматлигига изоҳ берилди
Ўзбекистондаги сув омборларида қанча сув захираси мавжудлиги маълум қилинди
Жамият14:27 | 13.8.22
Ўзбекистондаги сув омборларида қанча сув захираси мавжудлиги маълум қилинди
Тошкентда каналга тушиб кетган 70 ёшли аёл қутқарилди — видео
Жамият, Тошкент ш.14:09 | 13.8.22
Тошкентда каналга тушиб кетган 70 ёшли аёл қутқарилди — видео
Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати узайтирилади
Жаҳон13:14 | 13.8.22
Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати узайтирилади