Россияда мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув юз берди — видео
Россиянинг Новая Москвадаги турар жой мажмуаларидан бири ёнида ўнга яқин муҳожир ва қўриқчилар муштлашди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Ҳодиса 27 июнь куни содир бўлган, оғзаки тортишув оммавий муштлашувга айланган. Муштлашув иштирокчилари таёқлардан фойдаланган. «Ҳаммаси бўлиб камида ўн киши иштирок этган», дейилган хабарда.
Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва бош бошқармаси муштлашувни тасдиқлаган. Жароҳатланганлар ҳақида маълумот берилмаган.
«Полиция етиб келган вақтда, муштлашаётган шахслар воқеа жойини тарк этган. Ҳозирда полиция номаълум шахсларни аниқламоқда. Кейин уларни қонун билан белгиланган жавобгарликка тортиш масаласи ҳал қилинади», дейилади хабарда.
Айни пайтда, «Многонационал» телеграм каналига кўра, муштлашувда Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари иштирок этган. Жумладан ўзбекистонлик ва тожикистонлик икки мутахассис ўртасида жанжал келиб чиққан, можарога ҳамюртлар келиб қўшилган. Улар тош ва таёқлардан фойдаланган.
Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик мигрантларга оид янги таклиф берилганди. Шунингдек, мамлакатда тожикистонлик мигрантлар ўзбекистонлик эркакни ўғирлаб кетганди.


